Ўзбекистон ҳукумати 15 августдаги қарор билан сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини (СЯЭР) шакллантириш ва юритиш чора-тадбирлари тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Рўйхат Марказий сайлов комиссияси томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда «Электрон ҳукумат» тизими доирасида ташкил этилмоқда.

Қарорда 2017 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент шаҳри халқ депутатларининг туманлар Кенгашларига сайловлар давомида ахборот тизимининг СЯЭРни шакллантириш ва юритишни назарда тутувчи тажриба тартибида фойдаланилиши ҳуқуқий эксперимент сифатида амалга оширилиши, 2018 йилнинг 1 апрелигача эса — СЯЭРни яратишни ва бутун мамлакат бўйича ишга тушириш кўзда тутилган.

СЯЭРни яратиш ва СЯЭРни шакллантиришга йўналтирилган идоравий ахборот тизимларини такомиллаштириш билан боғлиқ харажатлар Ахборот-коммуникацияларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда СЯЭРнинг ишлашини техникавий таъминлаш учун кўмаклашишга Корея Республикаси томонидан ажратиладиган грант маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Тасдиқланган низомга мувофиқ, СЯЭР Ўзбекистоннинг 18 ёшга тўлган, доимий ёки вақтинча турар жойга эга бўлган, муомалага лаёқатли, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланмаётган фуқаролари киритиладиган давлат ахборот ресурси ҳисобланади.

СЯЭР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази томонидан тақдим этилган сайловчи фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, сайлов кампанияси даврида сайловчилар рўйхатларини аниқлаштириш орқали сайлов комиссиялари томонидан тақдим этиладиган сайловчи фуқаролар тўғрисидаги ахборотлар асосида шакллантирилади ва янгилаб борилади.

СЯЭР бир йилда бир марта, сайлов кампанияси даврида эса МСК томонидан ДПМ ва Оператор билан келишилган ҳолда тасдиқланган жадвалга мувофиқ янгиланади.

Сайловчи фуқаро ўзи бириктирилган сайлов участкаси, манзили ва жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини киритиш йўли билан МСК расмий веб-сайтининг электрон картасида сайлов участкасининг жойлашуви (дислокацияси)га оид ахборот билан танишиш имкониятига эга.