11 ноябрь куни Филадельфияда (АҚШ) ташкил этилган профессионал бокс кечасида 10 та жанг ўтказилди. Ўзбек боксчиси Хуршидбек Норматов (3−0−0, 1 КО) ҳам мазкур турнирда қатнашди.

24 ёшли боксчи 6 раундли жангда 35 ёшли америкалик Лендвуд Дойзер (10−14−2, 5 КО) билан куч синашди. Норматов баҳсда вазиятни тўлиқ назоратига олиб, аниқ зарбалар берди ва якунда ҳакамлар бир овоздан унинг фойдасига қарор қабул қилди — 60:54, 60:54, 60:54.

«Жанг анча мураккаб кечди, мен муддатидан аввал ғалаба қозонишни истаган эдим, аммо рақибим кучли чиқиб қолди, — ўз таассуротларини „Газета.uz“ билан ўртоқлашди Хуршидбек Норматов. — Умуман олганда, чиқишимдан кўнглим тўлди. Янада йирикроқ турнирларда чиқиш ва яхшироқ жанг қилиш учун янада астойдил меҳнат қиламан».

Қайд этиб тамиз, Норматов Fight Promotion промоутерлик компанияси билан 15 жанг учун 3 йиллик шартнома имзолаган. 25 июнда дебют жангини ўтказиб, Ромон Барберни (6−11−0, 5 КО) мағлубиятга учратди, 23 сентябрда эса иккинчи жангида Томас Бернардни (5−4−0, 3 КО) нокаутга учратиб, жангни муддатидан олдин якунлади.