Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ"да 12 октябрь куни XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бошланди, дея хабар қилди «Туркистон-пресс» НАА. Жорий йилдан бошлаб ярмаркани ўтказиш вазифаси ўтган йили ташкил этилган «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси зиммасига юклатилди.

Ярмарка очилишида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Розуқуловнинг қайд этишича, бугунги кунда мамлакатда ҳар йили 3 миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёси тайёрланмоқда. Республика пахта толаси етириш ҳажми бўйича жаҳонда олтинчи, уни экспорт қилиш бўйича эса бешинчи ўринни эгаллаб турибди.

«2015 йил октябрда „Ўзпахтасаноатэкспорт“ холдинг компанияси томонидан пахта хом ашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш, пахта толасини экспорт қилиш бўйича ягона мажмуанинг ташкил этилиши пахтачилик соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди, — қайд этди у. — Унинг таркибига пахта тозалаш, ёғ-мой саноати, пахта терминаллари, соҳанинг илмий-тадқиқот бўлинмалари киритилди. Холдинг компанияси таркибига бирлаштирилган пахта мажмуасининг барча корхоналарига соҳа самарадорлигини тубдан ошириш, пахта хом ашёси ва чигитни техник ва технологик қайта ишлашни такомиллаштириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш вазифаси юклатилди. Ушбу ишлар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан ҳам амалга оширилади».

Бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, ҳукумат мазкур саноатни маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш асосида янада ривожлантиришга катта эътибор қаратган. Барқарор хом ашё базаси, пахта толасининг юқори сифати, энергересурсларнинг паст нархи, энг муҳими, ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиши ва қулай шароитларнинг яратилгани соҳанинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини таъминлайди.

«Тўқимачилик корхоналарининг ишлаб чиқариш қуввати 1995 йилги 152 минг тоннадан 2015 йилда 600 минг тоннага етди. Мустақиллик йилларида енгил саноат маҳсулотлари экспорти 7 млн доллардан 1,1 млрд долларга ошди. Ўйлаймизки, соҳа имкониятлари бундан-да кенг. Мазкур соҳада Германия, Италия, Жанубий Корея, Туркия, АҚШ, Ҳиндистон, Буюк Британия, Австрия ва бошқа мамлакатлар инвесторлари иштирокида ташкил этилган корхоналар фаолият кўрсатмоқда», — давом этди ҳукумат раҳбари ўринбосари.

Улуғбек Розуқуловнинг қайд этишича, бугунги кунда енгил саноатнинг улуши саноат ишлаб чиқаришида 26 фоиз, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда эса — 44 фоиздан кўпроқни ташкил этмоқда. Бунда мамлакат пахта толасини экспорт қилувчи мамлакатлар бешталигидаги ўрнини йўқотгани йўқ.

Тадбир очилишида бир қатор мамлакатлар вакиллари халқаро Cotton Outlook ахборот агентлиги бош муҳаррири Рэй Батлернинг «Пахта толаси жаҳон бозори», пахта бўйича Халқаро консультатив қўмитаси бошқарувчи директори Андрей Гитчунснинг «Пахта ва сунъий толага халқаро талаб» мавзуларидаги тақдимотларини тинглашди. Ўзбекистон пахта саноатига бағишланган ҳисобот эса «Ўзпахтасаноатэкспорт» бошқарувчи раиси Акмал Камолов томонидан ўқиб эшиттирилди.

Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркази нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда. 2005 йилда унда 30 мамлакатдан 170 га яқин саноат ва савдо компаниялари вакиллари иштирок этган бўлса, жорий йилда 40 дан зиёд мамлакатдан 1000 дан зиёд вакиллар тадбирларда қатнашмоқда.

Ярмарка доирасида анъанавий конференция ташкил этилмоқда. Жорий йилда у уч йўналишда бўлиб ўтади: «Пахта саноатини ривожлантириш ва ўзбек пахта толасининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш — экспорт имкониятларини оширишнинг муҳим шарти» ва «Пахтачилик ва тўқимачилик соҳаларида илмий ва технологик янгиликлар».

«Ўзэкспомарказ» кўргазма павильонларида хорижий савдо ва саноат компаниялари вакиллари, мутахассислар ва халқаро экспертлар пахта толаси намуналари билан танишиш, сервис-марказлар хизматларидан фойдаланиш, музокаралар ўтказиш ҳамда ўзбек пахта толаси ва ундан тайёрланган маҳсулотларни харид қилиш бўйича шартномаларни бевосита имзолашлари мумкин.