Тошкентдаги Абдулла Қодирий ва Дўстлик парклари BPM Smart Decision Management Ўзбекистон-Сингапур компаниясига ҳар бир паркка камида 10 млн доллардан инвестиция киритиш мажбурияти билан берилмоқда. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги қарор қабул қилган.

Ушбу компания аввалроқ Ғафур Ғулом номли паркни реконструкция қилган эди. Ушбу боғ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 августдаги фармойиши ва Тошкент ҳокимининг 2019 йил 15 августдаги қарори билан компанияга ижарага берилган.

Шаҳарнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2021 йил декабрида Ғафур Ғулом паркини «инвестиция мажбуриятларини бажармагани учун» BPM Smart Decision Management компаниясидан олиб, бошқа инвесторга бериш режалари ҳақида гапирганди, аммо охир-оқибат парк шу инвестор ихтиёрида қолганди. Боғ 2022 йил кузида Dream Park деган муқобил ном билан қайта очилди.

Ўтган жума BPM Smart Decision Management директори Отабек Мирзажонов ва унинг ўринбосари, Ғафур Ғулом паркининг операцион директори Зафар Мирзаулуғов, шунингдек, Тошкент шаҳар маҳаллалар уюшмаси раиси Фурқат Маҳмудхўжаев Абдулла Қодирий паркида журналистлар учун пресс-тур уюштириб, бу ерни реконструкция қилиш режаларини очиқлади.

абдулла қодирий боғи, абдулла қодирий парки, истироҳат боғлари, парклар, тошкент

Тақдимотга кўра, Абдулла Қодирий паркида ландшафт дизайни бўйича кенг миқёсли ишлар қилиниши, сайр зоналари ташкил этилиши, марказий фавворанинг қайта тикланиши, томоша минора қурилиши режалаштирилган.

Гастрономик марказ ва миллий таомлардан иборат фуд-корт ташкил этиш, жониворларни ҳимоя қилиш ташкилотлари учун уй ҳайвонларининг кўргазмаларини уюштириш учун мажмуа қуриш кўзда тутилган. Бу мақсадлар учун бўш турган «Жанггоҳ» аренасидан мулкдорининг рухсати билан фойдаланиш режа қилинган.

Парк ҳудудида Абдулла Қодирий номидаги кутубхона ва алоҳида жамоат кутубхонаси очилиши кутилмоқда.

Зафар Мирзаулуғовнинг қайд этишича, парк остидан метро йўли ўтган, шу боис фақат енгил конструкциялар билан қурилиш қилиш режалаштирилган. «Кенг миқёсли қурилиш бўлмайди», — деди у.

Инвесторнинг маълум қилишича, ёзувчи Абдулла Қодирийнинг боғ ичидаги ҳайкалини ҳам реконструкция қилиш режалаштирилган — унинг баландлигини ошириш кўзда тутилган.

абдулла қодирий боғи, абдулла қодирий парки, истироҳат боғлари, парклар, тошкент

Компания директори Отабек Мирзажоновнинг таъкидлашича, паркка «болалар майдончалари ва механик аттракционларни ўрнатиш мақсад қилинмаяпти, асосий урғу яшил ҳудудларга берилади».

«Абдулла Қодирий паркида қисман аттракционлар бўлади. Айтганимдек, томоша минораси бўлади. Болалар майдончалари ва механик аттракционлар кўзда тутилмаган. Бобур (Дўстлик — таҳр.) боғига қисман аттракционлар қўямиз. Масалан, Ғафур Ғулом паркида, у ерда дарахтлар кўп бўлса ҳам, биз у ерга 40 та аттракцион ўрнатганмиз, Бобур паркига эса, режамиз бўйича, тахминан 10 та қўйилади, ундан кўп эмас. Нега аттракционлар қўйишимиз керак? Ҳар қандай паркда яшил фондни сақлаш, уни кенгайтириш, ишчиларнинг ойликлари, ўғитлар, суғориш учун йилига 6 млрд сўмдан кўпроқ пул кетади», — деди у.

Зафар Мирзаулуғовнинг сўзларига кўра, реконструкциядан сўнг учта парк — Ғафур Ғулом, Абдулла Қодирий ва Дўстлик — бир-бири билан рақобатлашади. «Шу боис… улар бир-бирига ўхшаган бўлиши керак эмас. Ҳар бири ўзига хос бўлади. Абдулла Қодирий паркида миллийлик устувор бўлади, экологик йўналишда бўлади», — деди у.

Отабек Мирзажоновнинг маълум қилишича, ҳозирча лойиҳа бўйича расмий шартнома йўқ — юридик жиҳатдан парк ҳали инвесторлар балансига ўтказиб берилмаган.

«Ҳозир биз давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисида шартнома тайёрлаяпмиз. Якуний лойиҳа ҳали йўқ. Энди бир ой ўтди. 12 гектарлик бундай лойиҳа вақт талаб қилади. Биз сизларни бу ерга таклиф қилимиздан мақсад — лойиҳа ҳақида эълон қилиш, туғилиши мумкин бўлган саволларга жавоб бериш. Дарахтларни, сув йўлларини сақлаб қоламиз», — деркан, Мирзажонов аҳоли истаклари ҳам инобатга олиниши қайд этиб ўтди.

Компания вакилларининг сўзларига кўра, уларга Краснодар (Россия)даги Галицкий парки ёқади, шу боис улар ушбу паркни лойиҳалаштирган Германия компанияси билан музокаралар олиб боряпти.

Реконструкция ишларини тахминан май ойидан бошлаш режалаштирилган. Жазирама бошлангунига қадар суғориш тизимини шай қилиб қўйиш лозим.

Абдулла Қодирий боғи ўз ерларидан қандай қилиб айрилган?

абдулла қодирий боғи, абдулла қодирий парки, истироҳат боғлари, парклар, тошкент

Абдулла Қодирий парки (биринчи суратда — 2017 йил сентябри, иккинчисида — 2023 йил апрели). Манба: Google Earth. Сунъий йўлдош суратларидан тижорий объектлар ва автотураргоҳлар қай тариқа парк ҳудудига суқилиб кираётганини кўриш мумкин.Абдулла Қодирий парки (биринчи суратда — 2017 йил сентябри, иккинчисида — 2023 йил апрели). Манба: Google Earth. Сунъий йўлдош суратларидан тижорий объектлар ва автотураргоҳлар қай тариқа парк ҳудудига суқилиб кираётганини кўриш мумкин.

Отабек Мирзажоновнинг маълум қилишича, Абдулла Қодирий паркининг ҳудуди аслида 16 гектар бўлган, аммо 5 гектари қурувчи-компанияларга берилган. Ҳозирда унинг ҳудуди — 11 гектар.

«Паркнинг биринчи директори сўзларига кўра, 2017 йилда бу ерда 16−17 мингтача дарахт бўлган, ҳозир эса 5−5,5 мингта дарахт қолган. Ишонч билан айтишим мумкинки, биз бирорта ҳам дарахтга шикаст етказмаймиз, янги тур дарахтларни ўтқазишимиз мумкин ҳатто. Биз биринчи галда 15 кишилик штат очиб, бутун паркни чиқиндидан тозалашни мақсад қилганмиз», — деди Зафар Мирзаулуғов.

2019 йил сентябрида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Жаҳонгир Ортиқхўжаев раҳбарлигида тадбиркорларни Абдулла Қодирий парки ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга таклиф қилганди. Бу ерда Абдулла Қодирий шарафига янги ҳайкал ўрнатилиши, паркнинг ўзи янгиланиши кутилган эди.

16,5 гектарлик парк ҳудуди 14 та лойиҳага ажратилган, улар орасида Қодирийнинг янги ҳайкали, Қодирий номидаги мактаб ва кутубхона, миллий услубдаги меҳмонхона, умумий овқатланиш муассасалари (хусусан, ўзбекча чойхона), савдо расталари ва ҳунармандчилик устахоналари, музей каби лойиҳалар бор эди.

Парк Тошкентнинг Эски шаҳар қисмининг ўзига хос давоми бўлиши, Чорсу бозори, қурилиши давом этаётган Ислом цивилизацияси маркази ва Ҳазрати Имом мажмуаси билан бирга яхлит умумий ансамбль ҳосил қилиши кўзда тутилган эди.

Шаҳар маъмурияти паркнинг бир қисмида «Абдулла Қодирий яшаб, ижод қилган давр руҳини ўзида акс эттирувчи» этно-парк ва этно-шаҳарчани ўз ичига олган мажмуа ташкил этилишини ҳам маълум қилганди.

Ҳокимлик маълумотига кўра, лойиҳа реализацияси учун 60 млрд сўмдан кўпроқ маблағ, жумладан, мактаб ва ҳайкал учун 40 млрд сўм, уй-музей учун 12 млрд сўм, яқин атрофдаги уй эгаларига компенсация учун 10 млрд сўм керак эди. Лойиҳалар учун бюджет маблағлари ажратилиши кўзда тутилмаган эди.

Паркнинг бир қисми Япониянинг H. I. S Hotel Holding компаниясига меҳмонхона қурилиши учун берилган (улар бу ерда Inspira-s Hotel меҳмонхонасини қурган).

2021 йил мартида Қозоғистоннинг BI Group компанияси парк ҳудудида Hampton by Hilton бренди остида меҳмонхона қурмоқчи экани маълум бўлди.

Кейинроқ парк оператив бошқарув ҳуқуқи билан Olmazor Business City дирекцияси балансига ўтказилди.

2022 йил февралида Тошкент шаҳар Экология бошқармаси паркдаги 64 та дарахт ноқонуний кўчириб ўтқазилганини маълум қилди. Хитойнинг Wan Li компанияси вакили бошқа тадбиркорлар билан бирга лойиҳа амалга ошириш учун парк ҳудудидан ер сотиб олиб, ҳисобга олинган 177 дарахтдан 64 тасини бошқа жойга кўчиргани ҳақида хабар берганди.

Ўша йил мартида парк дастлаб Ландшафт дизайни ассоциацияси билан бирга бошлангану, аммо кейинчалик «маблағ етишмовчилиги» сабаб бутунлай тўхтаб қолган реконструкция ишлари учун ёпилди. Ноябрь ойида шаҳар кенгаши парк реконструкцияси учун 35 млрд сўм ажратилишини маъқуллади. Бу вақтга келиб парк ҳудудида ишлар бошланганди. Бу ишлар учун Olmazor Business City дирекцияси 5 млрд сўм ажратган эди, аммо «тасдиқланган молиялаштириш қисман тушганди».

Қонунчиликка мувофиқ, хусусий инвестор ташаббус билан чиқиб, паркни ёки унинг бир қисмини давлат-хусусий шерикчилиги доирасида ижарага олиши мумкин. Айни вақтда, инвестордан ариза келиб тушганидан сўнг, давлат буюртмачиси Маданият вазирлиги сайтида ва ОАВда танлов эълон қилиши лозим, аммо Абдулла Қодирий боғи билан боғлиқ ҳолатда танлов овоза қилингани йўқ.

Агар фақат битта таклиф тушса, танлов ўтказилмайди.

Аввалроқ «Газеты.uz» колумнисти Ботир Қобилов ҳукумат паркларни «фойда келтирмаяпти» деб ҳисоблаб хато қилаётганини, зотан парклар одамлар ва умуман шаҳар учун ўйланганидан анча кўп қиймат келтиришини таъкидлаб ўтганди. У паркларни қутқаришга ва уларни ўзининг ҳақиқий эгалари — одамларга қайтаришга зудлик билан киришишга чақирган эди.