Жиззах вилоятидаги ADM Jizzakh автомобиль заводи Ўзбекистон бозорининг камида 25 фоизини эгаллаш ниятида. Бу ҳақда компания бош директори Дониёр Давлетяров «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувига берган интервьюсида маълум қилди.

«Келажакда автомобиль бозорининг камида 25 фоизини эгаллашга ҳаракат қиляпмиз. Янги кадрлар тайёрлаймиз, янги иш ўринлари яратамиз. Ўйлайманки, бу бутун Ўзбекистон иқтисодиётига катта ҳисса қўшади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, завод «нолдан» бошлаб маҳаллий мутахассислар ва компаниялар томонидан хорижий лойиҳа ташкилотлари ва муҳандисларни жалб қилмасдан қурилган.

«Йигитларимизнинг билими шу даражага етдики, ўзимиз мустақил автомобиль заводи қилдик. Келажакда ўзимиз миллий автомобиль ҳам ишлаб чиқара оламиз. Бизнинг йигитлар шу мотивация билан ишлаяпти. Худо хоҳласа, бунга эришамиз», — деди корхона раҳбари.

Дониёр Давлетяровнинг айтишича, ҳозирда заводда Haval (Хитойнинг Great Wall Motors компанияси), Chery (Хитойнинг Chery Intermational компанияси) ва Kia (Жанубий Кореянинг Kia Motors компанияси) брендлари остида автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Йирик блок остида жами 18 та автомобиль модели ишлаб чиқарилса, уларнинг ичидан 2 турдагиси тижорат транспорти ҳисобланади.

Аввалроқ 2023 йилда UzAuto Motors 4,85 млрд долларлик 369,99 минг дона автомобиль ишлаб чиқариб, Ўзбекистон автомобиль бозорининг 81 фоизини эгаллагани, ADM Jizzakh улуши эса 5,5 фоизни ташкил этгани хабар қилинганди. Бозорнинг қолган улуши импорт, жумладан, 291 млн долларлик 8948 та BYD автомобили ҳиссасига тўғри келган.

ADM Jizzakh заводи 2027 йил ўрталаридан гибрид автомобиль ва электромобиллар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Инвестициялар ҳажми 550 млн долларга, бюджет тўловлари эса 700 млн долларга оширилиши кутилмоқда, бу компанияга мамлакатнинг энг йирик 5 солиқ тўловчиси қаторига кириш имконини беради.

Компания 2020 йилнинг 23 январида рўйхатдан ўтган. Унинг таъсисчиси Мирбаҳром Ахрорович Асроров (33,4 фоиз), Дониёр Давлетяров (33,3 фоиз) ва Мурод-Мирза Шарифжон ўғли Шарипов (33,3 фоиз) эгалик қилувчи Roodell компанияси ҳисобланади.