ADM Jizzakh заводи 2025−2027 йиллар оралиғида Ўзбекистоннинг энг кўп солиқ тўлайдиган 5 корхонаси қаторидан жой олиши режалаштирилмоқда. Бу президент ташрифи давомида танишган заводнинг келажакдаги режалари бўйича тақдимотда қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, заводнинг режалаштириш ва ривожлантириш бўлими раҳбари Алишер Комилов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида гибрид ва электромобиллар ишлаб чиқариш режалаштирилаётганини таъкидлади.

2024 йилда завод ривожланишининг иккинчи босқичи бўйича ишларини якунламоқда. Заводдаги ишчилар сони ҳозирда 4500 нафардан ортиқни ташкил этади.

«Ривожланишнинг учинчи босқичи муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда автомобиллар ишлаб чиқариш мажмуасини яратиш бўлади, яъни CKD [майда узелли йиғиш] асосида гибрид автомобиллар ва электромобиллар ишлаб чиқаришни тўлиқ ўзлаштирмоқчимиз — кузов панелларини штамплаш, пайвандлаш, бўяш ва автомобилни йиғиш. Бу худди ҳозирги [KIA] Sonet модели каби Ўзбекистонда тўлиқ маҳаллийлаштирилган автомобиль бўлади», — деди Алишер Комилов.

adm jizzakh

Учинчи босқич 2025 йилдан 2027 йилгача амалга оширилади. Лойиҳалар учун 550 млн доллар инвестиция киритилиши режалаштирилган. Улар орасида гибрид ва премиум автомобиллар, шунингдек, CKD асосида тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш, илмий марказ ва маҳаллийлаштириш компанияларини ташкил этиш, пресслаш цехини қуриш, ёритиш тизимлари ва ўриндиқ каркасларини ишлаб чиқариш бор.

Натижада 2027 йилга бориб ADM Jizzakh`нинг товар айланмаси 4 баробарга ошиб, 4,7 млрд долларни ташкил этиши керак (2024 йилда 1,2 млрд доллар). Шу билан бирга, заводнинг давлат бюджетга тўловлари 700 млн долларга етиши (2024 йилда 200 млн доллар), бу орқали завод мамлакатнинг энг кўп солиқ тўловчи корхоналари орасида юқори бешталикка кириши (2024 йилда 12-ўринда экани айтилган) кутилмоқда.

Бундан ташқари, автомобиль заводи майдони 170 гектарга, ишчилар сони эса икки баравар кўпайиб, 10 минг кишига етади. 972 турдаги бутловчи қисмлардан 348 тасини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳисобига маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоиздан 45 фоизгача ошади.

ADM Jizzakh`нинг технологияларни ривожлантириш бўйича директори Илёс Абдуманноповнинг аниқлик киритишича, 2027 йил ўрталаригача Жанубий Корея ва хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда гибрид автомобиллар ва электромобиллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалаштирилган. Унинг сўзларига кўра, тижорат техникалари деганда микроавтобус ва автобуслар тушунилади.