23 апрель куни Навоий вилоятининг Кармана туманида ўлим билан якунланган ЙТҲ содир бўлди.

Вилоят ЙҲХБ матбуот котиби Фаёз Қосимовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Навоий шаҳридаги 11-мактаб, шунингдек, Кармана туманидаги 5 ва 7-мактаб ўқувчилари (8−9-синфлар) ўзганинг Matiz автомашинасини миниб, вилоятнинг Нурота туманига борган. Автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган вояга етмаганлар бошқарган.

Қайтишда рулда ўтирган ўқувчи бошқарувни йўқотган ва машина ЙТҲга учраган. Оқибатда икки нафар ўқувчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Учинчиси оғир тан жароҳатлари билан Кармана тумани марказий шифохонасига етказилган. Ҳозир у оғир аҳволда реанимация бўлимида қолмоқда.

«Ҳолат юзасидан экспертиза тайинланган, терговга қадар текширув ҳаракатлари кетмоқда. Республика бўйича ёшлар орасидаги ЙТҲлар кўпайган. Шу сабабли ота-оналарни фарзандларига машинани топширишида ҳушёр бўлишга чақирамиз», — деди Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакили.

2023 йилда Ўзбекистонда 9839 та (-0,6%) йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, уларда 9209 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 2282 нафари (-3,1%) ҳалок бўлган. 1794 та бахтсиз ҳодисада 1568 нафар бола жароҳатланган, 263 нафар бола ҳалок бўлган. Ўзбекистон ЙҲХБ ўз олдига ўтган йил давомида йўл-транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатларини 15 фоизга камайтириш вазифасини қўйганди, бироқ бунга эриша олмади.