Ўзбекистон ҳукумати яширин иқтисодиётга қарши кураш чораларини ишлаб чиқмоқда. Бу президент қарори лойиҳасида назарда тутилган. Ҳужжат ҳали жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмаган, вазирлик ва идоралар орқали тасдиқдан ўтмоқда. «Газета.uz» ҳужжат билан танишишга муваффақ бўлди.

Шанба куни Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ва Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Ваҳобов лойиҳани тадбиркорлар билан муҳокама қилди, таклифлар инобатга олинган ҳолда ҳужжатга ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Лойиҳага кўра, 2024 йил 1 майдан бошлаб кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотишни фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида амалга ошириш таклиф этилмоқда. Ушбу операциялар бўйича комиссияларни бекор қилиш режалаштирилган.

Бунда жисмоний шахслар билан тузилган олди-сотди шартномалари банк маълумотлари асосида, юридик шахслар билан тузилганлари эса нақд пулсиз тўловни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлса, электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали нотариал тасдиқланиши керак бўлади.

Товар ва хизматлар нархи 3000 доллардан ошса, тўловларни фақат нақд пулсиз шаклда амалга ошириш таклиф этилмоқда (аввалроқ БҲМнинг 300 баравари ёки 100 миллион сўмдан бироз кўпроқ чегаравий миқдор белгилаш таклиф қилинган эди).

Бюджет ташкилотлари ходимлари, жумладан, ОТМлар ва йирик солиқ тўловчилар, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг 100 фоиз иш ҳақини банк картасига ўтказиш йўли билан бериш таклиф қилинмоқда.

Фақат нақд пулсиз шаклда тўланадиган хизматлар каталогини тасдиқлаш таклиф этилмоқда: давлат хизматлари, коммунал хизматлар, университетда ўқиш учун шартнома ва бошқалар.

Улгуржи савдони ҳам тўлиқ нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўтказиш режалаштирилган.

Февраль ойида Шавкат Мирзиёевга нақд пулдан фойдаланишни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида тақдимот ўтказилган эди. Аҳолига хизмат кўрсатувчи бюджет ташкилотлари, уй-жойларни жисмоний шахсларга сотишда қурувчилар ва бошқалар учун нақд пулдан фойдаланишни қисқартириш ва нақдсиз тўловларни жорий этиш шулар жумласидандир. Ёғоч, шиналар ва шакар улгуржи савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш ҳам режалаштирилган эди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсадида нақд пул муомаласини қисқартириш бўйича президент қарори лойиҳаси тайёрланганини маълум қилганди. Ўшанда гап айрим тўловларни фақат банк карталари орқали тўлаш ҳақида борган эди.

Йил бошида президент яширин иқтисодиётдан давлат бюджетига етказилган зарар 30 триллион сўм, ялпи ички маҳсулотга етказилган зарар эса 135 триллион сўмни ташкил этганини айтган эди. Деярли 11 мингта корхона (41 фоиз) ҳисоботларида фақат 1 кишини ишчи сифатида кўрсатган.

1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилди, бу эса корхоналарнинг тўғри фаолият юритишини рағбатлантириши ва уларни «соядан» чиқишга ундаши керак.