Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг мамлакатдаги элчисига Россияда Тожикистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари «кенг миқёсда поймол этилаётгани» муносабати билан норозилик нотаси топширганини маълум қилди.

ТИВ, шунингдек, Россия Федерациясида Тожикистон фуқароларига нисбатан «кескин салбий муносабат намоён бўлишининг оммавий ҳолатлари» юзасидан жиддий хавотир билдирди.

«Нотада бундай ҳаракат фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланаётгани, бу тожик-рус муносабатлари руҳи ва анъаналарига тубдан мос келмаслиги қайд этилди», — дейилади вазирлик хабарида.

Ўтган ҳафта Тожикистон ТИВ мамлакат фуқароларига «ўта зарурат бўлмаса» Россияга саёҳат қилишдан вақтинча тийилишни тавсия қилган эди. Бунгача вазирлик сўнгги бир неча ҳафта ичида фуқароларнинг Россияга киришига оммавий тўсқинлик қилинаётгани ҳақида хабар берган эди.

28 апрель куни вазирлик 1000 га яқин Тожикистон фуқароси Москва аэропортларида қолиб кетгани, улар орасида Россия ҳукумати грантлари асосида ўқиш учун келган талабалар ҳам борлигини маълум қилганди. ТИВ вазиятни мураккаб деб атаган ва «бундай чеклов чоралари» фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланаётганини таъкидлаганди.

25 апрель куни Asia Plus нашри Оренбург вилоятидаги Қозоғистон-Россия чегарасида Тожикистон давлат рақамларига эга 180 га яқин автомобиль тўпланиб қолганини ёзган эди. Нашр маълумотларига кўра, Тожикистон фуқароларига чегарадан ўтишга фақат телефон текшируви ва сўроқдан сўнг рухсат берилган.

Россия ТИВ Россия Федерацияси ва Қозоғистон чегарасида хорижликларни текшириш заруриятини «террорчилик таҳдидининг сақланиб қолаётгани» билан изоҳлаб, «чегарани кесиб ўтган шахсларнинг фуқаролигидан қатъий назар» барчаси текширилаётганини маълум қилган.

  • 22 март куни Москва вилоятидаги «Крокус сити ҳолл» концерт залига бир неча қуролланган шахс бостириб кириб, ўт очган. Теракт оқибатида 140 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 360 дан ортиқ киши жароҳатланган, 11 киши терактни содир этганликда гумонланиб ҳибсга олинган, асосий айбланувчилар сифатида Тожикистонлик мигрантлар кўрилган. Шунинг фонида Россияда мигрантларга қарши чоралар, масалан, виза режимини жорий этиш, ҳуқуқбузарликлар учун депортация қилиш, шунингдек, патентларни чеклаш кабилар ҳақида мунозаралар кучайди.