26 апрель куни Тошкент шаҳри ҳокимлигида ўтган матбуот анжуманидан сўнг ОАВ вакиллари шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга пойтахт ҳаётига оид қатор саволлар билан мурожаат қилди. Ҳоким Тошкентдаги йўлларнинг бугунги аҳволи ҳақидаги саволга жавоб бераркан, бу масалани ҳал қилиш учун 500 миллион долларлик лойиҳа ишлаб чиқилганини таъкидлаб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Ҳозир 36 та коридор учун катта дастур бор, бу — 450 километр. Бунга катта маблағ талаб этилади: тахминан 500 миллион доллардан ошади. Ҳозирги йўлларни олдингидек фақат асфальт қилишимиз нотўғри. Сабаби машина сони беш йил олдин 400 мингта бўлган бўлса, ҳозир 800 мингта. Бугунги кунда асосий 36 та коридорга лойиҳалар тайёрланган, уларни молиялаштириш манбасини ишлаб чиқяпмиз. Бу давлат-хусусий шерикчилик ёки ҳар хил грантлар [асосида амалга оширилиши мумкин]. Чунки [лойиҳа талаб этаётган] сумма жуда катта. [Йўлларни] фақат асфальт қилиб қўйсак, пулни увол қилган бўламиз. Ўша [дастурни] ишлаб чиқиш доирада асфальтлаш ишларини бошлаймиз», — деди пойтахт ҳокими.

Унинг қайд этишича, Тошкент йўлларини сифатли ҳолатга келтириш жараёни мунтазам давом этиши керак.

«Аҳоли сони [пойтахтда йилига] 100 минг нафарга ошяпти. 1,5−2 миллион квадрат метр [майдонда] „жильё“ қуриляпти, мактаб, боғча, инфраструктура, газ, электр, сув, йўл… ҳаммасини тенг кўтариб боришимиз керак. Ҳозирги кунда тирбандлик [ҳосил бўлишига] катта таъсир қилаётган нарса — чорраҳалар. Бизнинг биринчи мақсадимиз, тирбандликни яна ҳам кучайтириб юбормаслик учун мактаб ва боғчалардаги ўқувчилар таътилга чиққанида 30 та энг катта тирбандликни келтириб чиқараётган чорраҳаларни тўғрилаймиз. Бу биринчи босқичда қилинади ва анча тирбандлик [муаммосини] ечади. Шу билан биз кузга кириб борамиз, кейин яна тайёрланамиз. Буни орасида автотураргоҳлар ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади», — деди у.

«Юқорида 450 километр йўл ҳақида гапирдим. Бу мавжуди ва биз яна қўшимча 150−200 километр йўлни очишимиз керак. Шу орқали жамоат транспортига устуворлик беришимиз керак. Бугунги кунда „микромобильность“ (микромобиллик — соатига 25 км дан паст тезликда ишлайдиган ва фойдаланувчилар томонидан шахсан бошқариладиган бир қатор кичик, енгил транспорт воситаларидан фойдаланиш — таҳр.) деган нарса бор. Одамларни самокат, велосипедларда юришга ўргатишимиз керак, буларнинг ҳаммасини бир-бири билан узвий боғлашимиз керак. Шунингдек, чорраҳалар масаласи доирасида бекатларни ҳам тўғрилашни бошлаймиз», — дея қўшимча қилди у.

Журналистлар ҳокимга бир йил аввал бекатларни тартибга солиш ҳақида айтган ваъдасини эслатди.

«Мен бир йил олдин ҳоким бўлган пайтимда бекат нималигини тушунмасдим. Мен [унгача] юрист, инженер бўлганман. Мана, энди ҳоким бўлдим ва ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб юраман. Бизнес режа, молиялаштириш деган нарсалар бор. Бир йил олдин [ваъда] берганимда хаёлимда шунақа бўлган-да, мен ўйлардимки, йўллар асфальт бўлса, яхши бўлиб қолади, нега бундай тирбандликлар бўляпти, дердим. Бунинг орқасида катта илм ётган экан. Россия, Қозоғистон, Озарбайжон каби давлатларда [тирбандлик] муаммосини ечган бир қанча мутахассисларни олиб келиб, ишга олдим. Ҳозир улар лойиҳалар ишлаб чиқиб, тугатай деб қолди, яқин кунларда тугайди. Кейин чорраҳаларни ҳам, автобуслар [масаласи]ни ҳам илм йўли билан ҳал қиляпмиз», — дея изоҳ берди Шавкат Умурзоқов.

Тошкент шаҳри ҳокими ОАВ билан мулоқотда, шунингдек, Қодирий ва Дўстлик боғларининг ижарага берилишини изоҳлади ва боғларга давлат менежер бўлмаслиги кераклигини айтди. «Бутун дунёда шунақа. Яшил ҳудуднинг квадрат метрини сақлаш 20−50 доллар туради — бу давлат бюджети учун катта юк», — деди у.