Словакиянинг Volkswagen ва Volvo автомобиль ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистон фуқароларини ишга таклиф қилмоқда, деб хабар берди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги.

Volkswagen компанияси премиум автомобилларни ишлаб чиқариш, кабель агрегатлари, шасси ва интерерни йиғиш, монтаж ишлари, диагностика ва автомобилларни синовдан ўтказиш йўналишида ишга таклиф қилади. Компания 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган 240 нафар мутахассисни ишга олади.

Иш уч сменадан иборат. Номзодлардан рус тилини коммуникатив даражада билиш талаб этилади. Иш ҳақи ойига 1200−1600 евро орасида.

Volvo эса 18−45 ёшдаги 150 нафаргача юк машинаси ҳайдовчиларини ишга олади.

Рус тилини билишдан ташқари, C ва E тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинади, маош ойига 1700−2400 евро.

Бандлик вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тез орада рўйхатдан ўтиш бўйича эълон беради.

2023 йил февраль ойида Volkswagen Slovakia Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси билан республика фуқароларини ишга қабул қилиш режасини муҳокама қилганди. Компания ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун ишчиларга бўлган талабни 1500 кишига баҳолаган.

Президент фармони билан, меҳнат мигрантларига касбий ва тил бўйича сертификатлар олиш билан боғлиқ харажатлар қопланади. Чет элда қийинчиликка учраганларга ёрдам берилади.