Ўзбекистонда енгил автомобиллар бозори ҳажми 2023 йил якунига кўра 456,3 минг донани ташкил қилди. «Газета.uz» президент душанба куни ташриф буюрган ADM Jizzakh автомобиль заводида кўрсатилган тақдимотда бунинг қайд этилганига эътибор қаратди.

UzAuto Motors ҳиссасига 4,85 млрд долларлик 369,99 минг дона автомобиль (бозорнинг 81 фоизи), ADM Jizzakh`га 823 млн долларлик 25 минг дона автомобиль тўғри келади (бозорнинг 5,5 фоизи). Қолган улуш 291 млн долларлик 8948 дона BYD автомобили, 1,197 млрд долларлик 50 минг 435 дона бошқа русумдаги автомобиллар импорти ҳамда мамлакатда ишлаб чиқарилган яна 1965 дона автомобиль ҳиссасига тўғри келади.

ADM Jizzakh ишлаб чиқаришни 60 мингтага етказиб, импорт ўрнини босишни ва қўшимча қийматни 520 млн долларга ошириб, маҳсулотларнинг чакана нархларини пасайтиришни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йили UzAuto Motors 118,1 мингга яқин Cobalt, 82,1 мингдан ортиқ Gentra, 89,1 минг Damas, 48,08 минг Tracker, 30,6 минг Onix, шунингдек, яна 25,6 мингта махсус автомобиль ишлаб чиқарган. ADM Jizzakh заводида 9829 дона Chery (ўсиш 23,3 баробар) ва 15036 дона KIA (ўсиш 2,5 баробар) ишлаб чиқарилди.

Айни пайтда мавжуд бўлган сўнгги очиқ маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга 22,49 мингта электромобиль импорт қилинган. Шундан 20,6 мингтаси ёки 91,7 фоизи Хитойдан олиб келинган.