Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни Жиззах вилоятига ташрифи доирасида ADM Jizzakh автомобиль заводи фаолияти билан танишди. У ерда ишлаб чиқариш 2021 йилда бошланган, заводни Roodell компанияси бошқаради.

Ўтган уч йилда Kia, Chery ҳамда Haval брендлари остида 23 турдаги 36 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган. Лойиҳа доирасида 234 миллион доллар миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, 1 минг 800 та иш ўрни яратилди, дейилади хабарда.

Биринчи босқичда йирик узелли йиғув йўлга қўйилган. Бир вақтнинг ўзида заводни кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилиб, жорий йил март ойида янги бино ва қувватлар ишга туширилган. «Яъни юқори технологияларни жалб қилган ҳолда штамплаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғишни қамраб олувчи ишлаб чиқариш жараёни ташкил этилган», — деб ёзади президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари заводдаги ишлаб чиқариш жараёнини атрофлича кўздан кечирди.

Корхона Жанубий Корея, Япония ва Германия каби давлатлардан келтирилган технологик ускуналар билан жиҳозланган. Заводда 30 та робот бор, ишлаб чиқариш жараёни 33 фоиз автоматлаштирилган. Автомобилнинг юриш қисмлари созлиги, статик ва динамик тормоз тизимини текшириш жиҳозлари ўрнатилган.

Президент заводда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, мамлакатдаги саноат корхоналари билан кооперацияни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. 2024−2027 йилларда 348 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Айни пайтда Ўзбекистондаги 21 та корхона билан кооперация тизими йўлга қўйилган.

Умуман, корхонада йилига 100 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Натижада келгусида иш ўринлари сонини 3 мингга етказиш кўзда тутилган.

Автомобиллар сифатини ошириш мақсадида Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой ва Вьетнам давлатларидан малакали мутахассислар жалб этилди. Жорий йилдан бошлаб дастлаб 50 нафар муҳандис Жанубий Корея ҳамда Хитойдаги тадқиқот ва лойиҳалаш марказларида малака оширишга юборилиши белгиланган.

Давлат раҳбари яқинда заводда ишлаб чиқариши бошланган янги Kia Sonet автомобили билан танишди.

Видео