Тошкент вилоятининг Қибрай, Янгийўл, Чиноз, Зангиота, Тошкент ва Оққўрғон туманлари ҳудудида фото ва видеокамералар ўрнатилади. Бу ҳақда 26 апрель куни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев фармойиш имзолади.

Ҳужжатда махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида ўрнатилаётгани айтилган. Бунинг учун вилоят маҳаллий бюджетининг 2024 йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 1,5 млрд сўм маблағ ажратилди.

Фармойиш ижросини вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари Абдурасул Абдуллаев таъминлаши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 4 сентябрдан бошлаб тезликни назорат қилувчи 11 та мобил радарлар иш бошлагани ҳақида хабар бергандик.