Исроил расмийларига кўра, Гаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) Ғазо секторидаги можаро билан боғлиқ айбловлар бўйича юқори мартабали исроиллик амалдорларни ҳибсга олишга ордер бериши мумкин, деб ёзмоқда The New York Times (NYT) бешта хабардор манбага таяниб.

Қайд этилишича, ҳибсга олиниши мумкин бўлганлар орасида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам бор.

Гаагадаги суд, газета таъкидлаганидек, Исроил расмийларини Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказилишига тўсқинлик қилганликда ва 2023 йил 7 октябрда Исроилга Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи томонидан уюштирилган ҳужумга ўта кескин жавоб берганликда айблаши мумкин.

NYT суҳбатдошларининг фикрича, суд, шунингдек, ҲАМАС етакчиларини ҳибсга олиш учун ордер беришни ҳам кўриб чиқмоқда. Аниқ кимлар ва нимада айбланаётгани ҳозирча номаълум, дея аниқлик киритади нашр.

NYT`нинг таъкидлашича, суд томонидан чиқарилган ҳибсга олиш ордерлари дунёнинг кўп мамлакатларида сўнгги ойларда Ғазо секторидаги хатти-ҳаракатлари туфайли халқаро норозиликларга дуч келган Исроилга нисбатан «маънавий танбеҳ» сифатида кўрилиши мумкин. Исроиллик амалдорлардан бирининг газетага берган интервьюсига кўра, суднинг перспектив ордери сўнгги ҳафталарда Исроилнинг қарор қабул қилишига таъсир кўрсатган.

Ордерни тасдиқлаш жараёни қайси босқичда экани номаълум. NYT`нинг ёзишича, ҳар қандай ордерлар суд судьялари ҳайъатининг розилигини талаб қилади ва гумондорларнинг «суд муҳокамасига ёки ҳатто дарҳол ҳибсга олинишига олиб келиши шарт эмас».

Суд бош прокурори Карим Хоннинг офиси аввалроқ унинг жамоаси Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш пайтида юз берган воқеаларни тергов қилаётганини тасдиқлаган, бироқ ордерлар ҳақидаги маълумотга изоҳ беришдан бош тортган.

Нетаньяху ўтган ҳафтада суднинг Исроилнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини бузишига йўл қўймаслигини айтганди. «Менинг раҳбарлигим остида Исроил ХЖС томонидан ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини бузиш билан боғлиқ ҳар қандай уринишни ҳеч қачон қабул қилмайди. Яқин Шарқнинг ягона демократияси ва дунёдаги ягона яҳудий давлатининг аскарлари ва амалдорларини тортиб олиш таҳдиди ғазабга солади. Биз бунга бўйин эгмаймиз. Исроил геноцид террорчиларига қарши адолатли урушимизда ғалаба қозонишда давом этади ва ҳеч қачон ўзимизни ҳимоя қилишни тўхтатмаймиз», — деб ёзди у Х.

The Times of Israel нашрининг ёзишича, Исроил расмийлари Нетаньяху ва бошқа амалдорларни ҳибсга олиш учун ордер берилишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Ҳукуматнинг фикрича, Нетаньяхудан ташқари суд Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант ва Мудофаа кучлари штаби раҳбари Герци Халевини ҳибсга олишга ордер бериши мумкин.

Нашрнинг қайд этишича, Нетаньяху, айниқса, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти билан «узлуксиз телефон кампанияси»ни олиб бормоқда.

NYT нашрининг таъкидлашича, агар суд ҳибсга олиш учун ордер берса, Нетаньяху Суданнинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Омар ал-Башир ва ўтган йили болаларни Украинадан ноқонуний равишда депортация қилишда айбланган Россия президенти Владимир Путин каби чет эл раҳбарлари билан бир тоифага киради.

Гаагадаги суд 1998 йилда имзоланган Рим статутига биноан ташкил этилган. Бу уруш жиноятлари, геноцид ва инсониятга қарши жиноятларда айбланган шахсларни суд қилиш ваколатига эга ягона суддир. Суднинг ўз полицияси йўқ, шунинг учун у ўз юрисдикциясини тан олган мамлакатлар ёрдамига таянади. Суд ишни сиртдан кўриб чиқмайди, айбланувчи суд биносида бўлиши керак. 2024 йил ҳолатига кўра, 124 та давлат Халқаро жиноий суд Рим статутини имзолаган. Исроил, АҚШ ва Россия бу давлатлар қаторида эмас.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можаро хронологияси:

  • 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС гуруҳи Исроилга ҳужум қилиб, камида 1200 исроилликни ўлдирди ва 200 дан ортиқ кишини гаровга олди.
  • Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини назорат қилаётган ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди, анклавга интенсив ҳаво ҳужумлари уюштирди ва у ерга қўшин юборди.
  • Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаролар давомида минтақада 30 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди.
  • Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий кампанияси тинч аҳоли орасида қурбонлар сонининг кўплиги сабабли салбий халқаро реакцияга сабаб бўлди. Январь ойида Жанубий Африка Исроилга қарши геноцид даъвоси билан чиқди, БМТ суди эса ишни кўриб чиқишни бошлади.