Тошкентда 29 март куни ўтказилган «Автомобилсиз кун» акцияси доирасида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов автобуслардан фойдаланди. У «Газета.uz» журналистига ўзи энг кўп қайси муаммоларга дуч келиши ҳақида айтиб берди.

«Бизда ҳозир энг катта муаммо ҳайдовчилар билан боғлиқ: ҳайдовчиларнинг ҳаракатланишда техник хавфсизликка риоя қилиши, тез ҳайдашлари. Диққатини пулга, четга қаратади. Брутто шартномалар жорий этиб, ҳайдовчиларни пул йиғимидан, кунлик режадан мутлақо четлаштиряпмиз. Бу нега кетма-кет қилиб чиқилиши керак? Ҳозир механизмни татбиқ қилиш жараёнимизда тезда кетиб бўлмайди. Аҳамият берган бўлсангиз, электрон тўловга ўтишга ҳаракат қиляпмиз. Аҳолини шу нарсага қизиқтиряпмиз. Тўлов ҳозир нақд пулда 2000 сўм бўлса, карточка билан — 1700 сўм. Лекин барибир ҳам тафовутини кўпайтирмоқчимиз. Нақд пул билан тўлов нархини қимматроқ қилмоқчимиз. Балки бир акция қилиб, транспорт карталарини сотилишини кўпайтириб ёки оммабопини чиқариб… Ҳозир, масалан, Mastercard билан тўласа, 1000 сўм. Телефоннинг ўзида NFC ёки QR код орқали ҳам тўласа бўлади», — дейди вазир.

Илҳом Маҳкамов ўзи раҳбарлик қилаётган вазирлик нақд пул билан қилинадиган тўловлар миқдорини ошириш ташаббуси билан чиқмоқчи эканини таъкидлади.

«Ҳозир тўлов пули карта билан 1700 сўм ва нақдда 2000 сўм бўлса, 1700 сўмга тегмасдан, нақд пулдагисини 3000 сўмгача кўтармоқчимиз. Энди билмадим бу нарсага омма қандай ёндашади. Шунда ҳайдовчилар пулга аралашмаса…», — деди у.

Вазир, шунингдек, ҳайдовчиларнинг иш вақтида уяли телефондан фойдаланишини тақиқлаш регламентга алоҳида киритилаётганини қўшимча қилди.

Мазкур интервью давомида транспорт вазири ҳайдовчиларни ўқитиш учун Германиядан «50 йиллик стажга эга» ҳайдовчилар, Москвадан эса инструкторлар олиб келинганини айтганди. «Ҳар бир ҳайдовчини ўқитяпмиз. Уларни тоифаларга бўламиз, энг юқори тоифадагиларига бошқаларни ўқитиш ҳуқуқи берилади», — дейди вазир.

У, шунингдек, трамвай орқали биринчи навбатда «эски» Тошкент билан Янги Тошкент боғланиши, шунингдек, пойтахт ичида трамвайни қайси йўналишларга қўйиш масаласи устида ишланаётганини ҳам маълум қилган.