Тошкентда 29 март куни ўтказилган «Автомобилсиз кун» акцияси доирасида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов жамоат транспорти — автобуслардан фойдаланди. Унга ҳамроҳлик қилган «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов айни шу тизимда вазир қандай муаммоларни кўриши ҳақида савол берди.

Унинг фикрича, ҳайдовчиларни ўқитиш кераклиги энг катта тизимли муаммолардан бири ҳисобланади.

«Уларни маданиятга, йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя қилишга етказишимиз керак. Биз бу ишни бошладик. Ҳар битта автопаркда ўзларининг хизмати билан бирга ҳаракат хавфсизлиги бўйича лавозим бор. У ерга биз йўл ҳаракати хавфсизлигида олдин ишлаган одамларни қабул қилдик. Ҳозир ўқитиш жараёни кетяпти. Ҳар бир ҳайдовчини ўқитяпмиз. Ҳозир Германиядан Deutsche Bahn компаниясининг тажрибали ҳайдовчилари келган. Улар 50−52 йиллик стажга эга. Лекин улар русийзабон. Биттаси Сирдарёдан экан (кулиб). Украинадан, бошқа мамлакатлардан кўчиб борган қачондир, рус тилини билишади, шулар билан бирга ўқитиш жараёнини олиб бормоқдамиз», — деди транспорт вазири.

deutsche bahn, илҳом маҳкамов, ҳайдовчиларни ўқитиш

Унинг таъкидлашича, олиб келинган мутахассислар бу масалага жуда ҳам мукаммал ёндашмоқда. Вазир, бундан ташқари, Москвадан ҳам инструкторлар жалб қилингани, ҳайдовчилар эса тоифаларга бўлинаётганини таъкидлади.

«Яъни энг юқори тоифадаги ҳайдовчи „ҳайдовчи-инструктор“ бўлади. Унга ўқитиш ҳуқуқи берилади. Ўрта, кейин эса устоз-шогирд тизимларини яратамиз. Албатта, вақт талаб этилади. Лекин жараёнларни бошладик. Бу — энг асосийси», — деди Транспорт вазирлиги раҳбари.

Мазкур интервью давомида Илҳом Маҳкамов, шунингдек, трамвай орқали биринчи навбатда «эски» Тошкент билан Янги Тошкент боғланиши, шунингдек, пойтахт ичида трамвайни қайси йўналишларга қўйиш масаласи устида ишланаётганини маълум қилганди. У трамвайни «ниҳоятда керакли инфраструктура» деб атади.