26 март куни Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатига саралаш ўйинларида Гонконгни мағлуб этди. Учрашувдан сўнг бир неча мухлислар тўсиқларни ошиб ўтиб, майдонга югуриб чиққан ҳолати учун Осиё футбол конфедерацияси Ўзбекистон футбол ассоциациясини (ЎФА) жаримага тортди.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси тартибсизлик қилган шахсларга жарима ва 5−7 сутка қамоқ жазоси тайинлаганини маълум қилди.

Келтирилишича, футбол майдонида тартибсизлик пайдо қилган шахслар орган ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, уларга ҳам қаршилик кўрсатган. Сўнг улар дарҳол Чилонзор ИИО ФМБга олиб келинган. Шахсларнинг 6 нафари вояга етмаган бола бўлгани сабабли уларнинг ота-онасига нисбатан жарима тайинланди. Қолган 3 нафар шахс юзасидан ҳам маъмурий баённома тузилган. 3 кишининг иши Жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди.

Суд 2 нафар қоидабузарни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (Майда безорилик) ва 194- (Орган ходимларининг қонуний талабини бажармаслик) моддалари билан 5 суткага озодликдан маҳрум қилди. Яна бир шахс эса 7 суткага қамалди.

«Бир гуруҳ мухлислар бутун тайёргарлик жараёнига путур етказишди ва таассуротни бузиб қўйишди. ОФК табиийки ЎФАни бу ҳаракатлар учун жаримага тортди. Замонавий футболда қатъий тартиб бор: мухлислик қилиш зонаси бор, мухлисларнинг футболчилар билан учрашиб, дастхат олиши, суратга тушадиган зонаси бор. Стадионга тушяпсанми, бу қоидага риоя қилишга мажбурсан. Чунки, битта ҳаракат билан тартибга жавоб берадиган юзлаб ходимларнинг ишига путур етади», — дея ЎФА матбуот котиби, шарҳловчи Даврон Файзиев майдондаги ҳолатга изоҳ берди.

У жариманинг аниқ суммаси қанча экани ҳақида гапирмади.

Футбол ҳуқуқи соҳаси юристи Дилшод Норқуловнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ОФКнинг интизом ва ахлоқ кодексида мезбон ассоциация ёки мезбон клуб томошабинлар ўртасида нотўғри хатти-ҳаракатлар, қонунни бузувчи хатти-ҳаракатлар ёки нотўғри назорат масаласидан қатъи назар, жавобгар бўлиши айтилган. Кодексга кўра, ЎФА 5000 долларгача жарима тўлашга мажбур бўлиши мумкин, дея тахмин билдирди у.