Вазирлар Маҳкамасининг 25 мартдаги қарори билан Тошкент шаҳри ва республика вилоятларидаги 157 га яқин мозаик панно монументал санъат ёдгорликлари сифатида Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилди.

Аввалроқ 2023 йил август ойида Маданий мерос агентлигининг илмий-экспертлик кенгаши томонидан 161 та мозаика ва паннолар рўйхати миллий рўйхатга киритиш учун тасдиқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Қарорда реестрни тўлдиришдан кўзланган мақсад мозаика, панно ва тасвирий санъат асарларини ҳар томонлама ўрганиш, асраб-авайлаш ва улардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, уларнинг мамлакат туризм салоҳиятини ривожлантиришдаги ролини оширишдан иборат экани ёзилган.

Рўйхатдаги мозаикалар давлат кадастрига киритилади. Объектларнинг кадастр ҳужжатларига уларнинг маданий қиймати борлиги тўғрисидаги ёзув қўшилади.

Бундан буён рўйхатга киритилган объектлар мавжуд биноларда, уларнинг муҳофаза тегралари ва туташ ҳудудларида режалаштирилган қурилиш ишлари билан боғлиқ ҳар қандай фаолият тури Маданий мерос агентлиги билан келишилиши керак.

Рўйхатга киритилган мозаикаларнинг аксарияти Тошкентда жойлашган. Шунингдек, унда Нукус, Урганч, Хива, Самарқанд, Наманган, Андижон, Жиззах, Қўқон, Ангрен, Гулистон ва бир қанча туманлардаги мозаикалар мавжуд.

Жамоатчилик ва фаоллар кўп йиллар давомида бинолардаги мозаикаларни сақлаб қолиш учун курашиб келмоқда. Биргина Тошкент шаҳрида сўнгги йилларда таъмирлаш ишлари давомида турар-жой биноларидаги кўплаб мозаикалар бўялган. Кўп қаватли бинолардаги кўплаб мозаикалар улкан реклама баннерлари билан қопланган.

Цемент билан қопланган ва (қисман) тозаланган бино.Цемент билан қопланган ва (қисман) тозаланган бино.

2022 йилда ҳудуд аҳолисининг норозилиги пойтахт ҳокимлиги яқинидаги бир нечта биноларда мозаикалар бўялишини тўхтатиб қолганди. Бу вақтга келиб ишчилар тўққиз қаватли биноларнинг катта қисмларини цемент билан қоплаган ва уларни қўлда тозалашга мажбур бўлганди.

Ўшанда Чилонзор тумани ҳокимлиги уйларнинг «фасадини таъмирлаш» қарори Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинганини маълум қилганди.

2018 йилда Тошкентда аҳоли норозилигидан сўнг маҳаллий уй-жой ширкатлар уюшмаси ташаббуси билан турар-жойлардан бирига бўяб юборилган мозаика қандай тиклангани ҳақида ҳам ёзган эдик.

маданий мерос, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати, мозаика, тошкент

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкент марказидаги газета устахонаси биносини бузиш доирасида Арнольд Ганга тегишли мозаик панно янги жойга ўрнатиш учун демонтаж қилинган эди. Уни сақлаб қолиш кампаниясига Tashkent Modernism лойиҳаси асосчиси Александр Фёдоров бошчилик қилган. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мозаикага янги жой аниқлаш учун очиқ танлов эълон қилганди.

маданий мерос, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати, мозаика, тошкент

2020 йилда «Газета.uz» гид Азиз Ҳолмуродовнинг Тошкент топонимикаси ҳақидаги мақоласини эълон қилганди, унда, хусусан, пойтахтнинг ноёб мозаик паннолари, жумладан, бизгача етиб келмаганлари ҳақида сўз боради.