Тошкент ҳокимияти ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Parkent Plaza компанияси билан ҳамкорликда Юнусобод тумани 11-мавзе 17-уй деворидаги маҳаллий уй-жой ширкатлар уюшмаси ташаббуси билан бўяб юборилган мозаикани қайта тиклашни бошлади.Фото: Facebook.

Ҳолат бўйича блогер Алла Дзюрич 13 июль куни Facebook орқали маълум қилиб, беш қаватли уй деворининг бино таъмирланишидан олдинги ва кейинги тасвирларини жойлаштирди.

Кўп қаватли уйлар деворларидаги мозаикали панно — Ўзбекистон пойтахтининг ўзига хосликларидан бири саналади. 1966 йилги зилзиладан кейин Тошкентга келган рассомлар Пётр ва Николай Жарский намунали биноларни шу йўл билан безаш ташаббусини илгани сурган.

Жамоатчилик кенгаши матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур мозаикани қайта тиклаш ташаббусини кенгаш эксперти, Parkent Plaza раҳбари Ойбек Шодиев илгари сурган.

Фото: fb.com/TashkentTop.

Пайшанба куни ҳавозалар ўрнатилиб, паннони тозалаш ишлари бошлаб юборилди. Жуман куни эса реставрация бўйича мутахассис — академик Марина Бородина билан маслаҳатлашув бўлиб ўтади. Ишларни 10 кунда якунлаш режалаштирилган.

Жамоатчилик кенгашидаги муҳокамаларда мозаикали бинолар рўйхатини шакллантириш масаласи кўтарилди.