Тошкентдаги «Катта Олмазор» массивидаги 14-уйда мозаик панель устига суртилган цемент аралашмани олиб ташлаш ишлари бошланди.

«Газета.уз» Фурқат ва Бобур кўчаларида ака-ука Жарскийлар лойиҳаси бўйича яратилган мозаикаларнинг йўқ қилиниши жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлгани ҳақида ёзган эди. Кўп ўтмай шаҳар ҳокимлиги мозаика бўялган эмас, балки «[уни] сақлаб қолиш учун мўлжалланган махсус материал» билан қопланганини маълум қилди.

«Материал қум-оқим усули билан ювилади ва мозаика тасвирлари пойтахтимиз аҳолиси кўзи олдида ўзининг бошланғич, бироқ энди мустаҳкамроқ кўринишида намоён бўлади», — деди ҳокимлик Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашини маданий меросни йўқ қилинишига эътиборсизликда айблаган блогерни танқид қилиб.


Мозаик паннодан цемент аралашмаси олиб ташланаётган 14-уй.


14-уй бошқа тарафдан кўриниши. Уйнинг фасад қисми ва бурчаги цемент аралашма суртиш учун тайёрлаб қўйилган.

Мозаика чиндан ҳам цементдан тозалана бошлади. Шунингдек, бунинг учун ҳақиқатдан ҳам қум-оқим усули қўлланилмоқда (бу аслида мозаикага жуда ёмон таъсир қилиши мумкин). Бироқ «Газета.uz»нинг душанба ва чоршанба кунлари ишчилар билан суҳбатида маълум бўлишича, аслида, аввал-бошида ушбу кўчалардаги уйларнинг фасадини кенг кўламли таъмирлаш вақтида мозаикаларни бўяш режалаштирилган эди.

Айнан шу мақсадда мозаикага аввал махсус қоплама билан ишлов берилган, кейин эса цемент аралашма билан қопланган ва унинг устига бўёқ қўлланилиши керак бўлган.


10-уй. 14-уйдаги иш тугагандан сўнг мозаикани тозалаш бошланади.

Ҳафта бошидан бери уйларни цемент аралашма билан қоплаш ишлари тўхтамаётган эди. Ҳозирда ҳам бу ишлар фаол давом этмоқда. Аралашмани панелли уйларнинг фасад қисмлари, бурчаклари ва ички томонларига, шу жумладан мозаик плиткаларга суртишмоқда.


10-сонли уйнинг фасад қисмларида ҳам мозаика мавжуд.

Ишчиларнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳозирча уйларнинг фақат декоратив панеллари ўрнатилган бурчакларини цементдан тозалаш режалаштирилган. Битта уй деярли тозаланди, яна биттаси бор. Плиткалар бир хил бўлган фасадлар цемент аралашма остида қолиши мумкин.


10-сонли уйнинг ички қисмидаги мозаик плиткаларни цемент аралашма билан ишлаш жараёни.

Халқ депутатлари Кенгашининг Тошкент шаҳар ҳокими (у Кенгаш раҳбари ҳам ҳисобланади) томонидан имзоланган қарорида Фурқат, Бобур ва бошқа кўчалар бўйлаб жойлашган уйларнинг фасадини таъмирлаш, шунингдек кўчаларни реконструкция қилиш ва пиёдалар йўлакларини яратиш назарда тутилган.


Катта Олмазор массивидаги уйлар. Мозаик плиткалар цемент аралашма суртиш учун тайёрланган.

Ҳужжатда таъмирлаш қандай амалга оширилиши, қандай материаллардан фойдаланиш ва қандай сифатга эга бўлиши кераклиги тўғрисида аниқ талаблар келтирилмаган. Лойиҳа ҳужжатлари буюртмачи — пойтахт ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан тайёрланиб, қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекцияда рўйхатдан ўтказилиши керак эди.


Массивдаги уйлардан бирининг фасад қисми. Фурқат кўчасидан кўриниш.

Қайд этиш жоизки, таъмирлаш ишлари пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун шароит яратилмасдан амалга оширилмоқда. Пиёдалар автомобиль йўли бўйлаб юришга мажбур бўлмоқда.