Собиқ Миллий боғ рўпарасидаги «Катта Олмазор» турар-жой массивида ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда архитектура ва ободонлаштириш бош бошқармаларига яқин ҳудудда жойлашган уйлардаги мозаикалар бир вақтнинг ўзида бўяшга тайёрланмоқда. Мозаикалар кўп йиллардан бери Ўзбекистон пойтахтининг ташриф қоғозларидан бири сифатида яхши танилган.


Бўяш учун мозаикани тайёрлаш. 14 ва 15/1 уйлар. Уйнинг Миллий боғ томонидан кўриниши. 2022 йил 28 март.

1970 йилларнинг охири ва 1980 йилларнинг бошларида қурилган бу тўққиз қаватли уйларнинг бурчаклари ва фасад қисмлари ака-ука Жарскийлар раҳбарлигида яратилган улкан мозаик паннолар билан безатилган. Бундай паннолар шаҳардаги кўплаб беш ва тўққиз қаватли биноларда мавжуд. Сўнгги ўн йилликларда уларнинг катта қисми йўқотилган. Аҳоли норозилиги ва мутахассисларнинг танқидига қарамай, кўчаларни реконструкция қилиш, уйларни таъмирлаш жараёнида панноларни бўяб ташлаш ишлари давом эттирилмоқда.


Массив ичидаги 14-уй. Мозаика қисман бетон аралашмаси билан қопланган. Орқа фонда 10-уй бор, унинг бурчаги қарийб бутунлай бўялган.

Панноларни бўяш ҳақида навбатдаги хабарлар ўтган ҳафта охирида тарқалди. Агар илгари мозаика бўёқ билан бўялган бўлса, ҳозирги «реконструкция» кўпроқ капиталь таъмирлашга ўхшайди. Яъни, фасадлар олдин махсус қоплама воситасида (пушти рангдаги) ишлов берилиб, бетон аралашма билан қопланмоқда, кейин эса унинг устига бўёқ суртилади.


14-сонли уйга тўлиқ пушти рангли махсус қоплама воситасида ишлов берилган.

«Катта Олмазор» маҳалласида бўлган «Газета.uz» мухбири массив ичида жойлашган иккита ва М.Ғофуров кўчаси бўйидаги битта уйдан ташқари аксарият кўп қаватли уйлар бўяш жараёнига тайёрланганига гувоҳ бўлди.


14-уйнинг фонида таъмирланмаган 9А-уй.

Массив жойлашган Чилонзор туман ҳокимлиги душанба куни «бу уйлар қурилганига 40 йилдан ошгани боис, уларнинг фасадидаги мозаикалар ҳам таъмирга муҳтож ҳолатда», дея муносабат билдирди.


Мактаб ёнидаги 10-уйнинг бурчаги. Уйнинг фасади ва ички қисми ҳам мозаика билан безатилган.

Хабарда айтилишича, 3 март куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан Тошкент шаҳрида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш тўғрисида (VI-57−50−14−0-K/22-сонли) қарор қабул қилинган. Унга кўра, пудратчи ташкилот томонидан маҳалладаги 9 қаватли уйларнинг фасадларида таъмирлаш ишлари бошланган.


10-уйнинг ҳовли томондан кўриниши.

«Лекин шу ерда яшовчиларнинг айримларида таъмирлаш ишларига эътироз бўлгани сабабли ҳозирда уйларнинг ён қисмидаги кафелли мозаикаларни бўяш ишлари тўхтатилган. Уйларнинг олд ва орқа қисмларидаги фасадларни таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.


16-сонли уйнинг бурчагидаги мозаика (ўнгда) пушти махсус қоплама воситаси билан ишланган. Чапда ҳали таъмирланмаган 16/1-уй.


16-уйнинг ички қисмидаги ишчилар бинони бетон аралашма билан қоплаш ишларини давом эттирмоқда.


Бўяшга тайёрланган мозаикали 16-уй (чапда) ҳамда аллақачон бўялган 15/3-уй. Миллий боғ томондан кўриниш.

Уйлар бир мунча вақт пушти рангга бўялганини ҳисобга олсак, уларда яшовчи аҳоли мозаика бетон аралашма билан қопланишидан олдин, таъмирлаш ишлари қандай бўлишини билишмаган деб тахмин қилиш мумкин.


15/3-уй (чапда) ва 16/1-уй. Муқимий театри томонидан кўриниши (М.Ғофуров кўчаси).

Аввалроқ, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги интернетдаги хабарларга муносабат билдирганди. Агентлик 150 дан ортиқ фасад қисмида тарихий-бадиий аҳамиятга эга мозаикалар бўлган уйларни давлат ҳимоясига олиш ишлари амалга оширилаётганини маълум қилди. Мозаикалар маданий мерос обектлари рўйхатига киритилгач, уларга зарар етказганлар жазоланади.

Массив ичидаги ҳали таъмирланмаган 9А ва 9-уйлар.

9А ва 9-уйларнинг фасадлари ҳам мозаика билан қопланган.

7-сонли уйнинг бурчагидаги мозаика.


Худди шу уйнинг фасади бўяш учун тайёрланмоқда.


7-уйнинг ёнида жойлашган 6-уй (чапда) ва 15-уй. Миллий боғ томондан кўриниш.


14 ва 15/1 уйлар. Миллий боғ томондан кўриниш.

Қайд этиш жоизки, Фурқат кўчасидан пастроқда, Бобур кўчасига ўтувчи йўлда (бу Яккасарой тумани) бўяш учун тайёрланган тўққиз қаватли мозаикали 61-уй ҳам бор.


Бобур кўчасидаги 61-уй.


Бобур кўчасидаги 61-уй.

Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов февраль ойи ўрталарида шаҳарликлар ва журналистларга Бобур кўчаси реконструкция қилиниши ҳақида маълумот берганди. У лойиҳа дастлабки босқичдалиги, уни мувофиқлаштириш ва тасдиқлаш жараёни икки-уч ой давом этиши мумкинлигини айтган эди, лекин ишлар эртароқ бошлаб юборилган.

Бобур кўчасидаги уйлар.

Аэропортга олиб борувчи Бобур кўчасининг икки томонида мозаик панноли кўплаб уйлар жойлашган.

Баъзи манбаларда айтилишича, Ўзбекистонда 20 йилдан ортиқ меҳнат қилган ака-ука Жарскийлар иштирокида камида 400 та кўп қаватли турар-жой бинолари безатилган («Традиционность художников Жарских в декорировании многоэтажных домов», Султанова, Д. Н. 2018). «Ўзбекистон мозаикаси» гуруҳида республиканинг турли шаҳарларида жойлашган мозаикали бинолар суратларининг катта тўплами жамланган.

Бир неча йил муқаддам Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги жамоат кенгашида ўтказилган муҳокамада мозаикали барча биноларнинг реестрини яратиш масаласи кўтарилган эди. Бироқ, бу иш қайси босқичда эканлиги ҳам номаълум.