Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни «Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни имзоланди. Ўзгартиришлар уч ойдан кейин кучга киради, деб хабар қилди Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 28 ноябрь куни биринчи ўқишда, 12 декабрда иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинганди. Сенат томонидан эса 19 январь куни маъқулланган.

Қонун билан учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишда биринчи марта айбланаётган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик эмас, балки маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида аниқланган учувчисиз учадиган аппаратлар давлат ҳисобига мусодара қилиниши, қонунга хилоф равишда ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилинади.

Ушбу тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади.

Учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, қуйидагича жазоланади:

  • БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача (8 млн 500 минг сўмдан 17 млн сўмгача) миқдорда жарима;
  • 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 3 йилгача озодликни чеклаш;
  • 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Маълумот учун, ҳозирда амалдаги қонунчиликка биноан учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки фойдаланиш учун фақат жиноий жавобгарлик назарда тутилган (Жиноят кодексининг 244−4-моддаси 1-қисми билан — 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, оғирлаштирувчи ҳолатларда — 10 йилгача).

Дронлар масаласи

2015 йилда мамлакатда дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланганди. 2018 йил май ойидан бошлаб хорижий ижодий гуруҳлар томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида фото ва видео материаллар тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратларини, жумладан, дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилган.

2019 йилдан эса учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки ишлатиш учун Жиноят кодексининг 244−4-моддаси (мажбурий декларация билан транзит ўтказиш бундан мустасно) бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган.

2020 йил май ойида Андижонда дрон ёрдамида видео суратга олмоқчи бўлган видеооператорга уч йиллик шартли қамоқ жазоси, бир йиллик синов муддати берилган. Собиқ депутат Расул Кушербаев буни «йил жинояти» деб атади ва уни жиноят қонунчилигидан олиб ташлаш зарурлигини айтган.

2022 йил февралида россиялик сайёҳлик блогери Максим Лимар Бухородан Новосибирскка учиб кетаётганда қўлида квадрокоптер топилгани сабабли қўлга олинган.

2022 йилнинг июнь ойида россиялик сайёҳ Полина Эрмакова чегарани кесиб ўтганидан бир неча кун ўтиб дрон олиб киргани учун Тошкентда ушланган. Суд аёлни оқлаган, аммо дрон ундан олиб қўйилган.

Божхона қўмитаси таъкидлашича, ўзгартиришлар жамиятимизда ушбу турдаги жиноятлар кўпайишини олдини олишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, мамлакатимизга чет эллик сайёҳлар оқимини тобора кенгайтиришга хизмат қилади.