Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида айрим жиноятлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 28 ноябрь куни биринчи ўқишда, 12 декабрда иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинганди.

Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш билан боғлиқ маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи янги норма киритилмоқда.

Хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида аниқланган учувчисиз учадиган аппаратлар давлат ҳисобига мусодара қилиниши, қонунга хилоф равишда ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилиниши кўзда тутилмоқда.

Ушбу тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида қонунга хилоф равишда ушбу ишни биринчи марта содир этган шахслар учун жиноий жавобгарлик эмас, балки маъмурий жавобгарлик белгиланиши ушбу турдаги жиноятлар кўпайишини олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 244−4-моддасида белгиланган санкцияларга муқобил жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби жазо турлари киритилмоқда. Яъни шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Маълумот учун, ҳозирда амалдаги қонунчиликка биноан учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки фойдаланиш учун фақат жиноий жавобгарлик назарда тутилган (Жиноят кодексининг 244−4-моддаси 1-қисми билан — 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, оғирлаштирувчи ҳолатларда — 10 йилгача).

Дронлар масаласи

2015 йилда мамлакатда дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланганди. 2018 йил май ойидан бошлаб хорижий ижодий гуруҳлар томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида фото ва видео материаллар тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратларини, жумладан, дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилган.

2019 йилдан эса учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки ишлатиш учун Жиноят кодексининг 244−4-моддаси (мажбурий декларация билан транзит ўтказиш бундан мустасно) бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган.

2020 йил май ойида Андижонда дрон ёрдамида видео суратга олмоқчи бўлган видеооператорга уч йиллик шартли қамоқ жазоси, бир йиллик синов муддати берилган. Собиқ депутат Расул Кушербаев буни «йил жинояти» деб атади ва уни жиноят қонунчилигидан олиб ташлаш зарурлигини айтган.

2022 йил февралида россиялик сайёҳлик блогери Максим Лимар Бухородан Новосибирскка учиб кетаётганда қўлида квадрокоптер топилгани сабабли қўлга олинган.

2022 йилнинг июнь ойида россиялик сайёҳ Полина Эрмакова чегарани кесиб ўтганидан бир неча кун ўтиб дрон олиб киргани учун Тошкентда ушланган. Суд аёлни оқлаган, аммо дрон ундан олиб қўйилган.