Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 28 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида дронлардан ноқонуний фойдаланганлик ва уни мамлакатга олиб кириш учун жавобгарликни енгиллаштирувчи тузатишларни биринчи ўқишда маъқуллади. Бунга «Газета.уз» эътибор қаратди.

Бугунги кунда амалдаги қонунчиликка биноан учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки фойдаланиш учун фақат жиноий жавобгарлик назарда тутилган (Жиноят кодексининг 244−4-моддаси 1-қисми билан — 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, оғирлаштирувчи ҳолатларда — 10 йилгача).

Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторовнинг айтишича, бевосита жиноий жавобгарлик турли муаммоларни келтириб чиқаради. Бу меъёр Ўзбекистонга биринчи марта дронлар олиб келган сайёҳлар орасида алоҳида норозиликни келтириб чиқармоқда, шу боис уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва судгача ҳибсда сақланмоқда, деди у.

Статистик маълумотларга кўра, қўлга олинган дронларнинг 40 фоизи хориж фуқароларига тегишли.

2020−2023 йилларда Жиноят кодексининг 244−4-моддаси билан 278 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, шундан 83 таси божхона органлари томонидан қўзғатилган. Шунингдек, судлар томонидан 218 нафар шахсга нисбатан 196 та ана шундай иш кўриб чиқилиб, 162 та ҳолат бўйича ҳукм чиқарилган, яна 18 та иш тугатилган. Озодликдан маҳрум қилишдан бошқа муқобил жазолар мавжуд эмаслигига қарамай, судлар томонидан 98 фоиз ишда жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Суд амалиёти бундай жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори эмаслигини кўрсатиб, жазо чораларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини ҳам кўрсатмоқда, деди Илҳом Мухторов.

Шу боис божхона қўмитаси бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни либераллаштиришни таклиф қилди. Илҳом Мухторов қонун талабларини билмаган фуқаролар учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний равишда олиб киришга уринаётганини қайд этди. Гап хорижда узоқ вақтдан кейин Ўзбекистонга қайтганлар ёки республикага биринчи марта ташриф буюрган хориж фуқаролари ҳақида бормоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бундай биринчи ҳуқуқбузарлик — учувчисиз учиш аппаратларини, уларнинг бутловчи қисмлари ва эҳтиёт қисмларини олиб кириш, ўтказиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишга уриниш учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи нормани киритиш таклиф этилмоқда. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10−20 баравари миқдорида жарима белгилаш таклиф этилди. Бундан ташқари, суд қарори билан қурилма давлат фойдасига мусодара қилинади. Агар ҳуқуқбузар қурилмани ихтиёрий равишда топширса, у жавобгарликдан озод қилинади.

Жиноят кодексининг амалдаги санкцияларига жазонинг муқобил турлари — жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш турларини киритиш таклиф этилмоқда.

Дронлар масаласи

2015 йилда мамлакатда дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланган эди. 2018 йил май ойидан бошлаб хорижий ижодий гуруҳлар томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида фото ва видео материаллар тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратларини, жумладан, дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилди.

2019 йилдан бошлаб учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки ишлатиш учун Жиноят кодексининг 244−4-моддаси (мажбурий декларация билан транзит ўтказиш бундан мустасно) бўйича жиноий жавобгарлик белгиланди.

2020 йил май ойида Андижонда дрон ёрдамида видео суратга олмоқчи бўлган видеооператорга уч йиллик шартли қамоқ жазоси, бир йиллик синов муддати белгиланди. Собиқ депутат Расул Кушербаев буни «йил жинояти» деб атади ва уни жиноят қонунчилигидан олиб ташлаш зарурлигини айтди.

2022 йил февралида россиялик сайёҳлик блогери Максим Лимар Бухородан Новосибирскка учиб кетаётганда қўлида квадрокоптер топилгани сабабли қўлга олинган эди.

Ўтган йилнинг июнь ойида россиялик сайёҳ Полина Эрмакова чегарани кесиб ўтганидан бир неча кун ўтиб дрон олиб киргани учун Тошкентда қўлга олинган эди. Суд аёлни оқлади, аммо дрон ундан олиб қўйилди.

Авиация муҳандислари Нуриддин Абдужабаров ва Қадамбай Саитов «Газета.uz»га ёзган мақоласида Ўзбекистонда дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш ушбу соҳани ривожлантиришга имкон берадими ёки йўқлигини таҳлил қилганди.