Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 12 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида тегишли кодексларга дронлардан ноқонуний фойдаланганлик ва уни мамлакатга олиб кириш учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ўзгартириш кўзда тутилган қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда муҳокама қилинди. Ушбу қонун лойиҳаси 28 ноябрь куни биринчи ўқишда маъқулланганди.

Бугунги кунда амалдаги қонунчиликка биноан учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки фойдаланиш учун фақат жиноий жавобгарлик назарда тутилган (Жиноят кодексининг 244−4-моддаси 1-қисми билан — 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, оғирлаштирувчи ҳолатларда — 10 йилгача).

Статистик маълумотларга кўра, қўлга олинган дронларнинг 40 фоизи хориж фуқароларига тегишли.

2020−2023 йилларда Жиноят кодексининг 244−4-моддаси билан 278 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, шундан 83 таси божхона органлари томонидан қўзғатилган. Шунингдек, судлар томонидан 218 нафар шахсга нисбатан 196 та ана шундай иш кўриб чиқилиб, 162 та ҳолат бўйича ҳукм чиқарилган, яна 18 та иш тугатилган. Озодликдан маҳрум қилишдан бошқа муқобил жазолар мавжуд эмаслигига қарамай, судлар томонидан 98 фоиз ишда жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Суд амалиёти бундай жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори эмаслигини кўрсатиб, жазо чораларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини ҳам кўрсатмоқда, деганди Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов.

Қонун лойиҳасига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бундай биринчи ҳуқуқбузарлик — учувчисиз учиш аппаратларини, уларнинг бутловчи қисмлари ва эҳтиёт қисмларини олиб кириш, ўтказиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишга уриниш учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи нормани киритилди. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10−20 баравари миқдорида жарима белгилаш таклиф этилди. Бундан ташқари, суд қарори билан қурилма давлат фойдасига мусодара қилинади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 185−4 моддасига кўра, ҳуқуқбузар қурилмани ихтиёрий равишда топширса, у жавобгарликдан озод қилинади.

Жиноят кодексининг амалдаги санкцияларига жазонинг муқобил турлари — жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш турларини киритиш таклиф этилмоқда.

Қонун иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди. Қонунни Сенат маъқуллаб, президент имзолагандан сўнг уч ой ўтгандан сўнг кучга киради.

Дронлар масаласи

2015 йилда мамлакатда дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланган эди. 2018 йил май ойидан бошлаб хорижий ижодий гуруҳлар томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида фото ва видео материаллар тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратларини, жумладан, дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилди.

2019 йилдан бошлаб учувчисиз учиш аппаратларини ноқонуний олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки ишлатиш учун Жиноят кодексининг 244−4-моддаси (мажбурий декларация билан транзит ўтказиш бундан мустасно) бўйича жиноий жавобгарлик белгиланди.

2020 йил май ойида Андижонда дрон ёрдамида видео суратга олмоқчи бўлган видеооператорга уч йиллик шартли қамоқ жазоси, бир йиллик синов муддати белгиланди. Собиқ депутат Расул Кушербаев буни «йил жинояти» деб атади ва уни жиноят қонунчилигидан олиб ташлаш зарурлигини айтди.

2022 йил февралида россиялик сайёҳлик блогери Максим Лимар Бухородан Новосибирскка учиб кетаётганда қўлида квадрокоптер топилгани сабабли қўлга олинган эди.

Ўтган йилнинг июнь ойида россиялик сайёҳ Полина Эрмакова чегарани кесиб ўтганидан бир неча кун ўтиб дрон олиб киргани учун Тошкентда қўлга олинган эди. Суд аёлни оқлади, аммо дрон ундан олиб қўйилди.

Авиация муҳандислари Нуриддин Абдужабаров ва Қадамбай Саитов «Газета.uz»га ёзган мақоласида Ўзбекистонда дронларни олиб кириш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш ушбу соҳани ривожлантиришга имкон берадими ёки йўқлигини таҳлил қилганди.