17 май куни Россия фуқароси Полина Ермакова Ўзбекистонга дрон олиб кириб бўлганидан кейин ҳибсга олинди. Бу ҳақда турист ўзининг Instagram`даги саҳифасида маълум қилди.

Полина «Газета.uz» билан суҳбатда апрель ойида Қирғизистонда саёҳат қилиб, кейин Ўзбекистонга ташриф буюришга қарор қилган. 15 май куни у мамлакатлар ўртасидаги чегарадан ўтган.

«Чегара жуда қизиқ ҳолат содир бўлди. Чегарадан ўтаётганимда мен паспортимни бердим, мамлакатга кирганлик тўғрисида муҳрни босиб беришди. Шундан сўнг, сиз метал изловчи ускунадан ўтасиз, у ерда сизни сумкангиз текширилади ва унда нима олиб ўтаётган бўлсангиз ҳаммаси яққол кўринади. Чегарачи мендан „сенда дрон борми?“ деб сўради. Мен бўлсам: „Ҳа дрон. Кетсам бўладими?“, дедим. У эса кетиш мумкинлигини айтди», — деди у.

Полина Ермакова Ўзбекистонга киришдан олдин дрон олиб кириш қоидаларини кўриб чиқиши кераклигини тан олди, бироқ, уни «чегарачиларнинг ҳаракати жуда ҳам ҳайрон қолдирди».

«[Чегарачи] дронни кўрди. Дрон ҳеч қаерга яширилмаганди, сумкани ичида ётганди. Менга муаммолар нимага Ўзбекистон чегарасида эмас, балки Тошкентнинг ўзида бошлангани жуда қизиқ. 17 май куни Тошкентдан Бухорога поездда бормоқчи эдик. Поезд кечаси кетарди, вокзалга тахминан 21:30 да келдим. Мени транспорт милицияси ходимлари тўхтатишди. Мен шунингдек, метал изловчи қурилмадан ҳам ўтдим, у ерда сумканинг ичи кўриниб турганди. Шундан сўнг, милиция бўлимига кузатиб боришди ва у ерда ҳаммаси бошланди», — деб сўзлаб берди у.

Сайёҳнинг сўзларига кўра, унга нисбатан Жиноят кодексининг 244−4-моддаси (Учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилганди. Мазкур моддада ҳуқуқбузар 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Полина Ермакованинг маълум қилишича, суд мазкур жиноят ишини 3 июнь куни кўриб чиққан ва унинг фойдасига ҳал қилган. «Суд якунига етди, мени оқлашди. Бироқ, дронни қайтариб беришмади… [Суд] қарорини олишим билан кетмоқчиман», — деди у.


Қолаверса, Россия фуқароси тергов вақтида дронни олиб қўйиш ҳақида далолатнома тузилаётганда унга ҳужжатларнинг нусхалари берилмаганини эслаб ўтди.

«Афсуски менга ҳеч нима тақдим этишмади. Мен билан формали киши ўтирганди. У мени паспортимни суратга олди ва уни қўлма-қўл қилиб юборди. Мен 2014 йилда борган Мисрнинг муҳрини топиб олди. Яна қаердандир мен бормаган бўлсамда, Исроилнинг муҳрини топди. У менга террористсан, наркомансан деб, узоқ [қамоқда] ўтишимни айтди», — деди у.

Полина Ермакова ушбу ходимнинг исм, фамилиясини билишга ҳаракат қилган, бироқ, унинг сўзларига кўра, суриштирув вақтида терговчи «ўзиникиларни сотмаслигини» айтган.

Сайёҳ Тошкентдаги Россия элчихонасидан ёрдам олмаганини ҳам қўшимча қилди.

«Афсуски, Россия элчихонаси ўзини, эҳтимол, профессионал жиҳатдан кўрсатмади. Балки, мен улардан кўпроқ нарса кутгандирман. Биз ўша куни кечасиёқ элчихонага қўнғироқ қилдик ва «вақт — кеч бўлиб қолгани, иш куни тугагани, чоршанба куни қўнғироқ қилиш мумкин"лигини айтишди. Чоршанба куни эрта тонгдан қўнғироқ қилдим. Мендан хат ёзишни сўрашди. Мен уни ҳам ёзиб бердим. Улар менга жума куни қўнғироқ қилишди. У ерда менга бефарқроқ киши ҳеч қандай таъсир ўтказиш чораси йўқлиги, ўзим мустақил ҳал қилишим кераклигини айтиб, адвокат қидириш учун сайтга йўналтирди», — деди у.

Красноярскдаги Россия нашри мазкур ҳолат бўйича материални эълон қилиб, Россиянинг Тошкентдаги элчихонасидан ҳам изоҳ олганди. У ерда эса Полина Ермакованинг ҳикоясини тасдиқлаб, бу биринчи бундай ҳолат эмаслигини таъкидлашганди.

«Ҳа бизни ушбу воқеадан хабаримиз бор, у билан алоқадамиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига бу ишни тезда тартиблаштириш ва чегарачилар ҳаракатларининг номувофиқлигини тушунтириш илтимоси билан нота жўнатдик. Ҳеч ким уни қонунни бузгани билан баҳслашмайди», — деганди элчихона вакили.

Полина Ермакова 59 та давлатда, шу жумладан, АҚШ, Жанубий Америка, Хитой, Жанубий Корея, Япония ва бошқаларда бўлгани ва бирор марта дрон чекланишга оид муаммо билан юзлашмаганини қайд этди. Унинг айтишича, мазкур давлатларда дрондан фойдаланиш бўйича аниқ норма мавжуд.

Юқоридаги ҳолат бўйича «Газета.uz» ИИВдан изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Шунингдек, таҳририят Давлат божхона қўмитасига ҳам сўров юборди.

Эслатиб ўтамиз, шу каби вазият 4 февраль куни россиялик блогер Максим Лимар билан ҳам юз берганди. У Бухородан Новосибирскка учиб кетаётганида юкидаги квадрокоптер топилгани сабабли қўлга олинганди. Охир-оқибат уни ҳам озод қилишганди.

Ўзбекистонда дрон билан боғлиқ вазият

Ўзбекистонда 2015 йил 1 январдан бошлаб учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланган. Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган ҳолатларгина бундан мустасно. Дронлардан фойдаланишга рухсатни фақат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари идорага доир вазифаларни бажариш учун олишлари мумкин.

2018 йилнинг ёзида Ўзбекистондаги маданий-тарихий ёдгорликлар, табиат бойликларини тарғиб қилиш мақсадида чет эл ижодий гуруҳларига Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги фото ва видеоматериалларни тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратлари, жумладан дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилди. Янги тартибда учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишни хоҳлаган ижодий гуруҳлар Давлат туризм қўмитаси, Маданият вазирлиги ва «Ўзбеккино» Миллий агентлигига ижодий гуруҳ ва тасвирга олиш жойлари ҳақидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига уларни вақтинча олиб кириш ва фойдаланишга рухсат беришни сўраб мурожаат қилишлари лозимлиги белгиланганди.

2019 йил май ойида қабул қилинган қонун билан Жиноят кодексига дронларнинг ноқонуний олиб кирилиши ва ишлаши учун жавобгарликни кучайтирувчи ўзгартишлар киритилди.

Андижонда дрон ёрдамида клип олмоқчи бўлган видеооператор бир йил синов муддати билан шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум қилинди. Депутат Расул Кушербаев судланувчининг жиноятини истеҳзо билан «Йил жинояти» деб таърифлади ва бу каби жазоларни жиноят қонунчилигидан бутунлай чиқариб ташлаш кераклигини таъкидлади.