Шавкат Мирзиёев жума куни маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантиришга бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимотни спорт вазири Адҳам Икрамов ва Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматовлар олиб борди. Унда президентнинг ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Бекзот Мавлонов ҳам иштирок этди.

Чапдан ўнгга: Равшан Эрматов, Адҳам Икрамов ва Бекзот Мавлонов.Чапдан ўнгга: Равшан Эрматов, Адҳам Икрамов ва Бекзот Мавлонов.

Давлат раҳбарига маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид режалар тақдим этилди. Ҳисоботда футбол мамлакатдаги энг оммабоп спорт тури сифатида қайд этилган.

Режаларни маҳаллаларда амалга ошириш учун «мавжуд стадионлар ва бошқа спорт майдончаларидан самарали фойдаланилади. Улар йўқ жойларда давлат-хусусий шериклик асосида шундай иншоотлар қурилади», дейилади хабарда.

«Эркаклар ва аёлларнинг турли ёш тоифалари ўртасида маҳалла терма жамоалари тузилади. Иқтидорли ёшлар аниқланиб, профессионал футбол муассасаларига йўналтирилади», — таъкидланади хабарда.

Бу борада маҳалладаги ёшлар етакчиларига Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ҳудудий бўлинмалари ва спорт мактаблари кўмаклашади.

Равшан Эрматов.Равшан Эрматов.

Жорий йилдан бошлаб Англия мактаб футбол ассоциацияси тажрибасидан келиб чиқиб, 8−11-синф ўқувчилари ўртасида мактаб футболи етакчисини танлаб олиш тизими жорий этилади.

Шунингдек, 12−15 ёшли ўсмирлар ўртасида икки босқичли «Маҳалла лигаси» ҳамда 16−30 ёш тоифаси ўртасида уч босқичли Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақалари ташкил этилади.

«Булар маҳаллалардан бошлаб футбол инфратузилмасини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни танлаш ва қўллаб-қувватлаш, миллий терма жамоалар учун сифатли захира шакллантиришга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев мазкур таклифларни маъқуллаб, ёшлар ўртасида спорт ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш, мусобақаларни юқори ташкилий савияда ўтказиш бўйича топшириқлар берди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Февраль ойида «Газета.uz» яна пойтахтнинг Юнус Ражабий маҳалласи аҳолисининг футбол майдони ва яшил ҳудуд ўрнида қурилиши режалаштирилган маъмурий бинога қарши узоқ давом этган кураши ҳақида ёзган эди. Тошкент футбол ассоциацияси болалар машғулот ўтказадиган жойни сақлаб қолиш тарафдори эди. Материалимиздан майдон ҳимоясига ЎзХДП ҳам чиққан.

Кейинроқ «Гулзор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги болалар футбол майдончаси ўрнида турар-жой биноси қурилиши бошлангани ҳақидаги нукусликлар мурожаатини эълон қилган эдик.

2021 йилда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Мустақиллик» маҳалласида ишлаб чиқариш цехи қуриш учун футбол майдони берилгани ҳақида ҳам ёзган эдик.