Кўп қаватли уйларни ҳовлилар, спорт майдончалари ва дам олиш масканлари ўрнида қуриш муаммоси нафақат Тошкент, балки Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари аҳолисини ҳам ташвишга солмоқда.

Яқинда «Газета.uz» пойтахтнинг Юнус Ражабий маҳалласи аҳолиси, бир ярим йилдирки, футбол майдони ва яшил ҳудуд ўрнида режалаштирилган беш қаватли бино қурилишига қарши курашаётгани ҳақида ёзганди. Тошкент футбол ассоциацияси ҳам болалар машғулот ўтказадиган жойни сақлаб қолиш тарафдори бўлган. Бир кун аввал Халқ демократик партияси мазкур вазиятга муносабат билдириб, ерни шаҳар захирасига ўтказиш тўғрисидаги пойтахт собиқ ҳокимининг қарорини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Таҳририятга Нукус шаҳридаги марказий маҳаллалардан бири «Гулзор» аҳолисидан болалар футбол майдончаси ўрнида турар жой биноси қурилиши бошлангани ҳақида мурожаат келиб тушди. Жараён аҳолининг норозилиги ва турли идораларга қилинган мурожаатларга қарамай амалга оширилмоқда.

бино, нукус, футбол майдони

Маҳаллий ҳокимият органларидан жавоб ололмаган фуқаролар Олий Мажлис Сенати, Давлат хавфсизлик хизмати ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигига хат йўллашган.

40 нафар фуқаро имзолаган матнда амалдорлар давлатда эълон қилинган ва президент Шавкат Мирзиёев томонидан қайта-қайта таъкидланган қоидаларга эътибор бермаётгани айтилади. Давлат раҳбари, айниқса, ҳар бир қарор ва иш аҳолининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши зарурлигини мунтазам таъкидлаб келади, дея эслатади аҳоли.

Хатда қайд этилишича, бу ҳудуд аллақачон кўп қаватли уйлар билан гавжум, энди эса болалар ўйнаши, аҳоли дам олиши учун жой қолмайди.

Ўтган ёзда Нукус ҳокимлиги ўзининг Telegram-каналида «„Гулзор“ маҳалласи тажрибаси» акс этган видеороликни эълон қилганди. Кадрларда экинлар билан ўралган майдон, ўриндиқлар, болалар майдончаси ва ўша футбол майдонини кўриш мумкин.

Ҳозир болалар футбол ўйнаган собиқ майдонда сунъий қоплама борлигига қарамай, аллақачон чуқур қазилиб, пойдевор қуйила бошланди.

бино, нукус, футбол майдони

Аҳоли «Газета.uz»га Қорақалпоғистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг 14 февралдаги Президент халқ қабулхонасига йўллаган мурожаатига жавобан олинган хат нусхасини тақдим этди. Унда Нукус ҳокимнинг 2022 йил 28 мартдаги қарори билан бу ерда «футбол майдонини реконструкция қилиш» ва «Калбак курылыс» компанияси томонидан 5 қаватли бино қуриш кўзда тутилган.

2023 йил 14 апрелда шаҳар Қурилиш бошқармаси томонидан 7 қаватли бинони «қуриш учун реконструкция қилиш» мақсадида рухсатнома берилган. Шу билан бирга, 2021 йил 1 июлда лойиҳа Давлат кадастр палатасининг Қорақалпоғистон бўлими томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Бироқ лойиҳанинг смета ҳужжатлари шаҳар қурилиш кенгаши ва республика экспертизасидан ўтмаган, дейилади Қорақалпоғистон Қурилиш вазирлиги хатида.

бино, нукус, футбол майдони

Хатда аҳоли республика миқёсидаги раҳбар ва ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур эканликларини қайд этиб, уларнинг хатлари Нукусга қайта иш юритиш учун юборилмаслигига умид билдиришди.

Шунингдек, улар бино қурилишига имкон яратган ҳар бир ҳаракат ва рухсатномага ҳуқуқий баҳо берилишини сўради.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги худди шундай ҳолатлар ҳақида қуйида ўхшаш хабарлар бўлими орқали ўқишингиз мумкин.