Халқ демократик партияси Тошкент шаҳридаги Юнус Ражабий маҳалласида жойлашган футбол майдони ва яшил ҳудуд ўрнида режалаштирилган қурилишга қарши чиққан фуқароларни қўллаб-қувватлади. «Газета.uz» мазкур масаланинг ўтган ва жорий йиллардаги вазияти ҳақида ёзганди. Тошкент футбол ассоциацияси ҳам болалар машғулот ўтказадиган жойни сақлаб қолиш тарафдори эди.

ХДП матбуот хизмати хабарида айтилишича, мақола эълон қилинганидан кейин партия аъзолари вазият билан танишиш учун воқеа жойига борган.

Аввал ёзганимиздек, собиқ шаҳар ҳокимининг қарори билан 30 сотих майдондаги ҳовли ҳудуди шаҳар захира фондига ўтказилган. Ер аукцион савдосида сотилган. Ғолиб тадбиркор у ерда беш қаватли маъмурий бино қуриш ниятида.

Аҳоли туманлараро судга ҳоким қарорини бекор қилиш талаби билан мурожаат қилган. Туман суди ҳам, шаҳар ва Олий судлар ҳам талабни қаноатлантиришни рад этган. Президент қабулхонасига, туман прокуратурасига қилинган мурожаатлар ҳам ҳеч қандай натижа бермаган.

ХДП ўз мурожаатида мазкур стадион 7 минг нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳалладаги ягона стадион эканини таъкидлаган. Бундан ташқари, ҳудудда кўплаб дарахтлар бор.

Партия «аҳоли ҳуқуқларини чеклайдиган, фуқароларга ноқулайлик келтирадиган» қурилишни номақбул деб атади.

ХДП, шунингдек, ҳоким қарорини қайта кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда партия Тошкент шаҳри ҳокимлигига ўз нуқтаи назарини баён этиш юзасидан депутатлик сўрови юборади.