Қашқадарё дарёсидан қум-шағални ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олганлар аниқланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар қилди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, прокуратура органлари, вазирликнинг «Хавфсиз дарё бошқармаси» давлат муассасаси ҳамда Қашқадарё вилояти экология бошқармаси томонидан Қарши тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсида рейд тадбирлари ўтказилди.

Рейд давомида дарё қирғоғидаги муҳофаза минтақасида фуқаро Ф.К. ноқонуний тарзда табиий қум маҳсулотларини ўз эҳтиёжлари учун маълум бир ҳақ эвазига қазиб олиб кетаётганлиги аниқланди. У бунинг учун 1 дона «DOOSAN SOLAR 300LC-V» русумли экскаватор ва «КамАЗ» русумли юк ташувчи транспорт воситасидан фойдаланган.

Ҳолат оқибатида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси ҳамда «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси талаблари бузилган. Табиатга эса 19 миллиард 433 миллион 914 минг 337 сўм зарар етказилган.

Маълумот учун, фуқаро Ф.К. қум-шағал маҳсулотларини ноқонуний тарзда қазигани учун аввал ҳам бир неча марта жавобгарликка тортилган. Аммо бундан тегишли хулоса чиқармаган.

Шунингдек, мазкур ҳудудда фуқаро Р. Қ. томонидан 1 дона экскаватор, «CHAKMAN» ва «КамАЗ» русумли юк машинаси ёрдамида табиий қум маҳсулоти ноқонуний тарзда қазиб олинаётганлиги аниқланди. Ҳолат натижасида табиатга етказилган зарар миқдори 22 миллиард 155 миллион 780 минг сўмни ташкил қилди.

Қонун бузилиши юзасидан Мамурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддаси «в» бандига (Транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби орқали табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш) асосан техника воситалари жарима майдонига жойлаштирилди. Шунингдек, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришни таъминлаш мақсадида тегишли ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.