Тошкент вилояти депутатлари вилоят ҳудудининг бир қисмини «Янги Тошкент» туманига ўтказишни маъқуллади. Бу ҳақда 13 март куни Вилоят кенгаши қарор қабул қилди.

Янги Тошкент қурилиши учун Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ (17314,8 гектар ўрнига 17323,31 гектар) ва Ўрта Чирчиқ (2406 гектар) туманларидан 19729,41 гектар (белгиланганидан 8,51 гектар кўп) ер ажратилди.

Бу ҳудудлар пойтахтнинг 13-тумани — Янги Тошкент ҳудуди таркибига киради, унга Юқори Чирчиқ туманидан 33 та маҳалла (20 таси тўлиқ, 13 таси қисман), Ўрта Чирчиқ туманидан 7 та маҳалла (4 таси тўлиқ ва 3 таси қисман) киради.

Ерлар жорий ер фонди тоифалари ўзгартирилмаган ҳолда ўтказилади.

Ўзгартиришлар Олий Мажлис палаталари қарори қабул қилингандан кейин кучга киради.

«Газета.uz» пойтахтнинг шарқий қисмида Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида «Янги Тошкент» қурилишини ўз ичига олган Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси ҳақида батафсил ёзган. У 20 минг гектар майдонни эгаллайди ва 500 минг кишига мўлжалланган. Ҳудудга маъмурий органлар бинолари, жумладан, Президент администрацияси, ҳукумат, вазирликлар, шунингдек, олий ўқув юртлари ва бошқа объектлар жойлаштирилади.

Аслида 2045 йилгача атиги 6 минг гектар майдонни ўзлаштириш режалаштирилганди. Ана шу ҳисоб-китоблар асосида ривожланиш ва қурилишнинг истиқболли йўналишлари ҳамда пойтахтни янги ҳудуд билан боғловчи асосий йўлларнинг режалари ишлаб чиқилганди.

2023 йилнинг март ойида Шавкат Мирзиёев «Янги Тошкент» қурилиши бошланишига бағишланган капсулани ишга туширганди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида давлат раҳбари Британиянинг Cross Works компанияси томонидан ишлаб чиқилган Тошкент ва Янги Тошкент қўшма лойиҳасини маъқуллаган эди. «Ҳа, биз уни Янги Тошкент деб атаймиз, лекин эртага у эски Тошкентни ҳам янгилаши керак. Улар бир қон, бир артерияга айланиши керак», — деганди қурилиш дирекцияси раҳбари Давронжон Адилов.

Президент «Янги Тошкент» лойиҳасини бошлаш муҳимлигини, чунки беш йилдан кейин «пойтахтда одамлар яшай олмаслигини» таъкидлаганди.