Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни Янги Тошкентнинг бош режаси лойиҳаси билан танишди. Шанба кунги «Менимча» телекўрсатувида лойиҳанинг баъзи тафсилотлари намойиш этилди.

Тақдимотда президент: «Агар буни бошламасак, Тошкентда беш йилдан кейин одамлар яшай олмайди. Ташкилотларингиз шу лойиҳага мос келадими ёки йўқми? Сув, йўллар, уйлар ва ҳамма нарса [мос келади]?», — деди

«Ўзбекистоннинг 32 йиллик тарихида биринчи марта биз намунавий, жаҳон стандартларга мос лойиҳани қиляпмиз. Бу 300−400 йилга, бизнинг неваралар, чеваралар ва ҳоказога қолиши керак. Кейинги авлод [бу лойиҳани] давом эттириши керак», — деди у.

Президент матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони қарийб 5 миллион нафарни ташкил қилмоқда. Кўплаб уй-жойлар, муассасалар барпо этилиб, инфратузилма тармоқларига юклама ортмоқда. Шунга қарамай, яна йилига 20 минг хонадонли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга талаб бор. Урбанизация суръатидан келиб чиқилса, яқин йилларда аҳоли сони янада кўпаяди.

Компонентлар лойиҳаси Сингапур, Англия, Хитой, Германия, Туркия, Нидерландия, Жанубий Корея, БАА каби давлатларнинг 20 та илғор компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда.

Президент бош режа асосида йил якунига қадар батафсил лойиҳалаш ишларини якунлаш, биринчи босқич иншоотлари бўйича лойиҳачи ва қурувчи корхоналарни аниқлаш бўйича кўрсатмалар берди.