Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британиянинг Cross Works компанияси томонидан ишлаб чиқилган Тошкент ва Янги Тошкент қўшма лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари, Янги Тошкент қурилиш дирекцияси директори Давронжон Одилов «Менимча» дастурига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, президент таклифни ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар бераётганда «табиат билан яқиндан мулоқот қиладиган, эски анъана ва урф-одатларимизга таянган ҳолда жамоатчилик ва маҳалла аҳлини яқинлаштирадиган шаҳарни кўришни хоҳлаяпман» деб айтган. «Бунинг учун [президент] энг қулай жойни танлаб бергандилар. Барча экологлар ва мутахассислар танланган жой бўйича ўзининг ижобий хулосасини берди, — деди вазир ўринбосари.

Давронжон Одилов «меъморий қадрияти баланд» — кутубхона, театр ва бошқа бинолар янада баландроқда жойлаштирилиши халқимиз анъаналарига мос келишини таъкидлади. У ўзбекларнинг меҳмондўстлиги, унга кўра уйдаги меҳмонларга дастурхон тўридан жой берилишини мисол қилиб келтирди.

«Чет эллик архитекторлар, масалан, Англия, Корея ёки Хитойдан буни топиб бериши қийин. Шунинг учун архитекторлар бу дизайнларни тузатиб, мослаштирдилар», — деди у.

Давронжон Одилов Янги Тошкентни «эски» билан интеграцияси масаласи борлигини таъкидлади.

«Тўғри, биз буни Янги Тошкент деб номлаяпмиз, лекин бу ўзи билан эски Тошкентни ҳам янгилаши керак. Битта жараёнда улар бир қон ва бир артерия бўлиб кетиши керак, яъни шаҳарлар бир-бирига „тикилиши“ керак эди. Президент шаҳарларнинг бир-биридан ажралишини истамади», — деди у.

Тошкент ва Янги Тошкентнинг қўшма лойиҳаси Британиянинг Cross Works компанияси томонидан ишлаб чиқилган (тақдимот слайдларида компания бош режани ишлаб чиқувчи сифатида кўрсатилган). «Президент [шу компаниянинг] лойиҳасини танлади. 20 дан ортиқ хорижий ва бир нечта маҳаллий ташкилотлар ушбу лойиҳага юқори баҳо берди, — деди вазир ўринбосари.

Шунингдек, у жаҳон стандартларига кўра, шаҳарда аҳоли жон бошига 8−10 квадрат метр яшил майдон ажратилиши керак бўлса, Янги Тошкентда бу кўрсаткич 18−20 квадрат метрни ташкил этишини, бу эса уни «тропик шаҳарнинг иқлимига яқинлаштиришини» таъкидлади.

«Шаҳарнинг исталган нуқтасидан 20−25 дақиқада соҳил бўйига етиб боришингиз мумкин», — дейди Давронжон Одилов.

Германия, Жанубий Корея ва Туркия компаниялари транспорт ва логистика масалалари билан шуғулланган. «Аввало, Тошкентнинг транспорт модели яратилди, у макромодел деб аталади. Иккита метро линияси — Буюк Ипак йўли ва Дўстлик бекатлари янги шаҳарга боғланади. Янги шаҳарга метрода 30−35 дақиқада етиб бориш мумкин бўлади… Автомобилда келишга эҳтиёж ҳам қолмайди», — деди у.

Давронжон Одиловнинг айтишича, лойиҳа ер ости инфратузилмасини яратишдан бошланади, шунингдек, йўллар қурилиши ҳам бошланган. «Биз ҳозир ер ости инфратузилмасини лойиҳалашни якунлаяпмиз. Биз октябрь ойида [иш] бошлаймиз. Ундан кейин ер усти иншоотларини қуриш масаласини муҳокама қилиш мумкин бўлади».

«Тошкентбошпланлити» лойиҳа корхонаси директори ўринбосари Саидазим Шариповнинг айтишича, концепцияда ижтимоий соҳа объектлари — мактаблар, болалар боғчалари, поликлиникалар, маданий дам олиш масканлари, истироҳат боғларини пиёда юриш масофада жойлаштириш кўзда тутилган.

«Гап 15 дақиқа ҳақида кетмоқда, яъни юриш масофаси [ижтимоий объектларга] 1200 метр бўлади», — деди у.

cross works, тошкент, шавкат мирзиёев, янги тошкент

Ушбу лойиҳа учун Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 720 гектар ер танлаб олинган. Биринчи босқичда 2,5 минг гектарда 100 минг аҳоли учун уй-жойлар ва инфратузилма объектлари қуриш режалаштирилган. Дирекция томонидан етакчи хорижий компаниялар жалб этилиб, ривожланган мамлакатларда муваффақиятли синовдан ўтган амалиётлар асосида Бош режа, тармоқ режалари ва манзилли дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Янги Тошкент «ақлли» ва «боғ шаҳар» бўлиши назарда тутилмоқда. Маъмурий марказда давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, кутубхона, тарих музейи, маданият саройлари жойлашади. Шунингдек, шаҳарда ишбилармонлик ва инновация туманлари, таълим, тиббиёт ва туризм кластерлари бўлади.

420 гектар майдонда марказий боғ, мавзелар орасида сунъий канал ва кўллар, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари бўйида сайилгоҳлар ташкил қилиниб, одамларнинг дам олиши учун сўлим шароитлар яратилади. «Тошкентнинг яшил белбоғи» лойиҳаси шу жойдан бошланади.

Янги Тошкентда «эски» Тошкентга уланадиган ягона трамвай ва метро тармоғи қурилиши режалаштирилаётганини ҳам ёзган эдик.