Тошкент вилояти ҳудудидан 19 729,41 гектар ер майдони Тошкент шаҳри таркибига ўтказилиши ҳисобига пойтахтда 13-туман — Янги Тошкент тумани ташкил этилиши мумкин. Бу бўйича Қонунчилик палатаси қарори лойиҳаси 25 ноябргача даво этадиган муҳокамалар учун эълон қилинди.

Лойиҳада Тошкент вилояти ҳудудидан 19 729,41 гектар, шу жумладан, Юқори Чирчиқ туманидан 17 323,31 гектар (шундан 11 147,29 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ва Ўрта Чирчиқ туманидан 2406,1 гектар (шундан 1 758,41 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдонлари Тошкент шаҳри таркибига ўтказилиши кўзда тутилган.

Таклифга кўра, Янги Тошкент туманига қуйидаги ҳудудлар киритилади:

Юқори Чирчиқ туманидан

  • «Истиқбол», «Дархон», «Усмонобод», «Навоий», «Жалолтепа», «Ободон», «Гулистон», «Баҳор», «Хван Т.Г», «Яшнобод», «Уч чинор», «Нурафшон», «Миробод», «Файзиобод», «Аҳмад Яссавий», «Балиқчи», «Ёшлик», «Тинчлик», «Ийк-ота», «Бирлик» МФЙлар ҳудудлари;
  • «Истиқлол», «Гулобод», «Ўзбекистон», «Наврўз», «Қорасув», «Оқ овул», «Маърифат», «Жумабозор», «Нурли йўл», «Фаровон», «Янги ҳаёт», «Саховат», «Қизилсой» МФЙлар ҳудудларининг бир қисми.

Ўрта Чирчиқ туманидан

  • «Шоликор», «Ўчоқли», «Бунёдкор», «Машал» МФЙлар ҳудудлари;
  • «Мустақиллик», «Гулобод», «Янгитурмуш» МФЙлар ҳудудларининг бир қисми.

2021 йил 31 август куни Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳудудида Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкент барпо этилиши, пойтахт эса «яшил ҳудуд» га айлантирилиши ҳақида маълум қилганди.

Жорий йил март ойида эса пойтахтдаги давлат идоралари Янги Тошкентга кўчирилиши, шунингдек, лойиҳа доирасида қўшимча 20 минг гектарда 1 млн аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилиши билдирилган. Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилиши назарда тутилган.

Шунингдек, Янги Тошкентда «эски» Тошкент билан боғланган трамвай ва метронинг ягона тармоғини қуриш режалаштирилган. «Янги шаҳарга метрода 30−35 дақиқада етиб бориш мумкин… Автомобилда келишга эҳтиёж қолмайди» , — деганди ўшанда қурилиш вазири ўринбосари Давронжон Одилов.

Сентябрь ойида Янги Тошкентнинг бош режаси лойиҳаси билан танишган Мирзиёев «Янги Тошкент лойиҳасини бошламасак, Тошкентда беш йилдан кейин одамлар яшай олмайди», дея таъкидлаганди.

Сўнгги бор пойтахтда 2020 йилда янги туман — Янгиҳаёт тумани ташкил этилган.