13 март куни соат 22:55 да Варшава аэропортидан LOT Polish Airlines авиакомпаниясининг Тошкентга биринчи мунтазам парвози амалга оширилди. Компаниянинг Boeing 737 MAX 8 самолёти маҳаллий вақт билан соат 9:00 да Ўзбекистон пойтахтига қўнди. Парвоз вақти 6 соатни ташкил этди, дея хабар қилди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Тошкент халқаро аэропортида янги йўналишнинг очилиш маросимида аэропорт директори Жасур Пўлатов, Polish Airlines компанияси бош директори Михал Фиёл, Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Амирсаид Агзамхўжаев, Польшанинг Ўзбекистондаги элчиси Радослав Грук, Транспорт ва Маданият вазирликлари ҳамда Туризм қўмитаси вакиллари ва икки мамлакат журналист ва блогерлари иштирок этди.

«Варшава ва Тошкент ўртасида авиақатновларнинг очилиши биз учун Европа билан ҳаво алоқаларини ўрнатишда муҳим қадам бўлди. Пандемиядан сўнг LOT Polish Airlines Ўзбекистон фуқаролари учун Европа шаҳарларига, европаликлар учун эса Ўзбекистон шаҳарларига парвозларни очган биринчи Европа авиакомпанияси бўлди. Ҳаво қатнови ҳар икки томон туризмини ривожлантиришда янги саҳифа очади», — деди Uzbekistan Airports раҳбари Жавлонбек Умархўжаев.

«Ўзбекистон дунёдаги энг қизиқарли мамлакатлардан бири бўлиб, Польша ва Европадан келган йўловчиларга жуда кўп нарсаларни таклиф қила олади. Ишончим комилки, ҳаво кемамиз бортида Марказий Осиёнинг юрагига қулай шароитда етиб бориш имконияти Польша ва Ўзбекистон ўртасида туризм ва иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун туртки бўлади», — деди авиакомпания бош директори Михал Фиёл.

Унинг сўзларига кўра, қулай транзит пункти бўлган Варшаванинг Шопин аэропортидан Тошкент йўловчилари Европа ёки Шимолий Американинг 80 га яқин шаҳарларига етиб боришлари мумкин.

Тошкент-Варшава-Тошкент йўналиши бўйича парвозлар ҳафтасига уч марта — душанба, пайшанба ва шанба кунлари Boeing 737 MAX 8 самолётларида амалга оширилади. Апрель ва май ойларида авиаташувчи чоршанба кунлари Варшавага режалаштирилган қайтиш билан, сешанба кунлари ушбу йўналиш бўйича қўшимча парвозларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Авиачипталарни lot.com сайтида, шунингдек, чипталар ва сайёҳлик агентликларидан сотиб олиш мумкин.

Маълумот учун, LOT Polish Airlines 1929 йилда ташкил этилган Польша авиакомпанияси бўлиб, штаб-квартираси Варшавада жойлашган. Авиакомпания Star Alliance — дунёдаги энг қадимги ва йирик альянс аъзоси ҳисобланади. Унинг паркига 80 га яқин самолётлар киради ва тармоғи 100 дан ортиқ турли йўналишларни ўз ичига олади.