АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ва мамлакатнинг собиқ раҳбари Дональд Трамп Демократлар ва Республикачилар партияларидан президентликка номзод сифатида расман кўрсатилиши учун праймеризда етарли миқдордаги делегатларни тўплади, деб хабар бермоқда Reuters.

12 март куни Жоржия, Миссисипи ва Вашингтон штатларида бўлиб ўтган ҳар икки партиянинг праймеризларида Байден ва Трамп умумий соннинг 50 фоизидан ортиқ бўлган партия делегатларини тўплади.

Кокуслар ва праймеризлар нима?

Анъанага кўра, Республикачилар ва Демократлар партияларидан президентликка номзодлар учун сайловлар икки шаклда — кокус ва праймериз шаклида ўтказилади. Биринчиси — партия аъзолари ташаббуси билан ўтказиладиган норасмий учрашувлар. Праймеризлар эса давлат органлари томонидан ташкил этилади.

Праймеризлар ва кокуслар ҳар бир штатдан ёз ойларида ҳар икки партия ўтказадиган миллий қурултойларда номзодга овоз берадиган партия делегатлари сонини белгилайди. Номзодликни қўлга киритиш учун номзод ўз партияси делегатлари ярмидан кўпининг овозини олиши керак.

Республикачилар жами 2500 га яқин делегатга эга ва номзодга ғалаба қозониш учун 1215 делегат керак. Демократлар 3900 га яқин делегатга эга, ғалаба қозониш учун 1968 делегат керак.

Шу тариқа 2024 йилги сайловларда тўрт йил олдинги ҳолат такрорланади, ўшанда ҳам АҚШ раҳбари лавозими учун Байден ва Трамп курашганди. Бу қарийб 70 йил ичида АҚШ президентлик сайловларидаги биринчи реванш бўлади, деб ёзди The New York Times.

Нашрнинг қайд этишича, сиёсатчилар бу воқеани узоқ кутган: Байден Демократлар партиясида жиддий рақобатга дуч келмади, чунки амалдаги президент номзодини илгари суриш одатий ҳол, Трамп эса Республикачилар партиясининг доминант фаворити эди.

Номзодлик учун Трампнинг ягона рақиби бўлган Никки Ҳейли март ойи бошида етарли делегат қўлга кирита олмай, праймеризларда қатор муваффақиятсизликларга учрагач, президентлик пойгасини тарк этган эди.