27 апрель куни Фарғона вилояти Қўштепа тумани прокурори ўринбосари пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

Вилоят прокуратураси ва ДХХ бошқармаси ҳамкорлигида олиб борилган қўшма тадбирда прокурор ўринбосари келишилган 2000 долларни олган вақтида ушланди.

У танишлари орқали суднинг иш юритувидаги жиноят иши бўйича айбдор шахсга нисбатан жазо қўлланилишида енгиллик қилиб беришни айтган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 28,211 (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.