Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида 26 февраль куни метан ёқилғи қуйиш шохобчасидаги одамлар навбат талашиб, жанжал кўтарди, деб хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Бобур Туляганов.

Ижтимоий тармоқларда бир неча шахс томонидан калтакланган фуқаро вафот этган бўлиши мумкинлиги айтилганди. Бобур Туляганов эса бу маълумотларни рад этди. «Ижтимоий тармоқларда келтирилгани каби воқеада фуқаро вафот этмаган», — деб ёзди у.

Ҳолат Тошкент вилояти ИИББ томонидан назоратга олиниб, Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов-суруштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 22 февралдан бошлаб мамлакатда метан ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятига қўйилган чекловлар босқичма-босқич олиб ташлана бошлади (улар 17 февралдан буён ёпиқ эди). Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатдаги газ «заправка»ларининг деярли 3 дан 1 қисми фаолиятини тиклаган.