Ўзбекистонда 22 февраль куни 17 февралдан бери ёпиқ бўлган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг (АГТКШ) деярли учдан бир қисми қайта ишлай бошлади, деди Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев.

Пайшанба куни Ўзбекистонда 244,2 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, бу аввалги кунлардагига нисбатан кам (21 февраль — 246,8 миллион, 20 февраль — 246,6 миллион, 19 февраль — 243,9 миллион). Бу учун иссиқлик электр станцияларида 42,3 миллион куб метр табиий газ (олдинги кунларда мос равишда 41,9, 41,7 ва 41,3 миллион), 21 минг тонна кўмир (23,5, 24,8 ва 25, 6 минг) ва 11,4 минг тонна мазутдан (12, 12,6 ва 12,1 минг) фойдаланилди.

Бундан ташқари, Туркманистондан 13 фоиз кўпроқ электр энергияси импорт қилинди — 22,5 миллион кВт/соат (аввалги кунларда 20, 20,1 ва 20,6 миллион кВт/соат). Республика бўйича истеъмолчиларга чоршанба кунгига нисбатан бироз камроқ электр энергияси етказиб берилди — 240,2 миллион кВт/соат электр энергияси (240,9, 239,1 ва 236,2 миллион).

Тиғиз вақтларда электр энергияси этказиб беришда 550 МВтгача (олдинги тўрт кун ичида — 500, 550, 550 ва 400 МВтгача) чекловлар киритилди, бу газ босимининг авария оқибатида кескин тушиб кетгани ва талабнинг бир неча баравар ошгани билан боғлиқ.

Вазирликнинг огоҳлантиришича, 23 февраль, жума куни ҳам вазият барқарорлашгунга қадар тиғиз вақтларда баъзи чекловлар киритилиши мумкин.

Магистрал газ қувурларида газ босими меъёрга яқинлашиб, унинг сарфи аввалги кундагидек 154,6 миллион куб метрни ташкил этди.

22 февралдан бошлаб мамлакатда метан ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятига қўйилган чекловлар босқичма-босқич олиб ташлана бошлади. Ўзбекистондаги 481 та (1517 тадан) метан қуйиш шохобчалари орқали аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари учун 3,24 миллион куб метр (бир кун аввал — 2,6 миллион) газ етказиб берилди. «Газета.uz» Энергетика вазирлигидан туман ва вилоятлар бўйича қайта иш бошлаган газ қуйиш шохобчалари, шунингдек, уларнинг иш тартиби (илгари 8:00 дан 15:00 гача иш вақти ҳақида айтилган эди) ҳақида маълумот беришни сўради, лекин ҳали маълумот олмади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ёқилғи қуйиш шохобчаларига 4332 тонна бензин етказиб берилди, бу ўтган кунлардагига нисбатан кам (4501 ва 4756). Шунингдек, биржа томонидан сотувга қўйилган 8415 тонна бензиннинг 3439 тоннаси, 2100 тонна дизель ёқилғисининг 1281 тоннаси сотилди.

Электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келган тақдирда, истеъмолчилардан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71−207−23−76 телефон рақами ёки Telegram (@het_admin) манзилига, газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун — 1104, 104, 71−202−11− 04, кўмир таъминоти масалалари бўйича — 78−148−30−03 ва 71−244−38 рақамларига мурожаат қилиш сўралади.

Ноябрь ойи охирида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қишда юзага келиши мумкин бўлган энергия ресурслари танқислигини қандай қоплашни режалаштираётгани ҳақида гапирганди. Чора-тадбирлар қаторида мазутдан электр ишлаб чиқариш, йирик корхоналарни тунги иш режимига ўтказиш, АГТКШларга газ етказиб беришни қисқартириш ва бошқалар бор эди.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистон қандай қилиб газ экспорт қилувчи давлатдан соф импорт қилувчи давлатга айланиб қолганини ўрганган эди.