Ўзбекистонда метан «заправка»лар фаолиятига киритилган чекловлар 22 февралдан маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, аввалдан белгиланган режа-график асосида босқичма-босқич олиб ташланмоқда, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев.

«Заправка»лар фаолятига чеклов газ босимнинг камайганини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида 18 февраль куни киритилганди.

Вазирлик вакилининг айтишича, метан «заправка»лар билан боғлиқ вазият ҳақида кун давомида маҳаллий ҳокимликлар ахборот ресурсларида, шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти ва Энергетика вазирлигининг расмий ахборот манбалари орқали хабар қилиб борилади.

21 февраль куни мамлакатдаги 407 та метан заправка орқали ижтимоий соҳалар — тиббиёт муассасалари, жамоат транспортлари ҳамда шу каби бошқа объектларга тегишли автомобилларга 2 млн 607 минг кубометр табиий газ етказиб берилган.

Автобензин ва дизель ёнилғиси аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда, деди Ҳасан Тошхўжаев. Хусусан, 21 февраль куни «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 4 минг 501 тонна автобензин етказиб берилган. Шунингдек, биржа савдоларига автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун қўйилган 9 минг 110 тонна автобензиннинг 4 минг 276 тоннаси, 2 минг 100 тонна дизель ёнилғисининг эса 1 минг 308 тоннаси сотилган.