26 февраль куни «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, 23 нафар айбланувчига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Ҳукмдан сўнг ОАВ билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида судья Мусо Юсупов журналистларнинг суд жараёнига оид бир қанча саволларига жавоб қайтарди.

Жумладан, фуқаролар томонидан қилинган мурожаатларга асосан бир нечта нашрларда эълон қилинган мақолалардан келиб чиққан ҳолда «Док-1 Макс»дан ногирон бўлиб қолган болалар сони ҳозирча расмий эълон қилинганидан (18 нафар) ҳам кўп бўлиши мумкинлиги ҳамда Самарқанд Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизовнинг суд мажлисларидан бирида яна битта ўлим ҳолати бўлиши мумкинлиги ҳақидаги кўрсатмасидан келиб чиққан ҳолда қурбонлар сони 69 нафар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга тўхталар экан, судья жабрланувчилар ҳолати бўйича яна алоҳида жиноят иши мавжуд экани, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, улар судга алоҳида жиноят иши сифатида киритилишини билдирди.

«Жиноят иши судда кўрилган пайтда „Бизда ҳам шунақа ҳолат, заҳарланиш бўлган“ деган янги-янги мурожаатлар келди. Ҳукмдан кейин бундай мурожаатлар яна бўлади. Шунинг учун терговда алоҳида жиноят иши қисми ажратилган. Бизга ҳолат бўйича Сирдарё, Жиззах вилоятларидан мурожаатлар келди, терговга юбордик. Бугунги кунда терговда алоҳида жиноят ишлари мавжуд, тергов ҳаракатлари амалга ошириляпти. Кейинги чиқадиган жиноят ишида ўша жабрланган шахслар ёки бошқа жабрланган шахслар бўлса, биргаликда айбловга қўшилиб, судга алоҳида жиноят иши сифатида чиқади», — деди судья Юсупов.

Мусо Юсупов (чапда). Фото: «Газета.uz»Мусо Юсупов (чапда). Фото: «Газета.uz»

Жабрланганлар сони: ўзи нима бўлган эди?

«Док-1 Макс» иши бўйича суд бошланишидан олдин — 2023 йил 10 август куни Олий суд матбуот хизмати Marion Biotech дорилари 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани ҳақида хабар берганди. Кейинчалик — 27 октябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Самарқанд Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов кўрсатмаси давомида 66-ўлим ҳам борлигини айтган.

2024 йил 5 январь куни — бир ойлик танаффусдан сўнг қайта бошланган суд мажлисида «Док-1 Макс» сиропини истеъмол қилиши оқибатида яна 3 нафар бола вафот этгани айтилган, аммо вафот этганларнинг умумий сонига тўхталиб ўтилмаганди.

10 январь куни прокурор айблов хулосасида вафот этганлар сони 68 нафар эканини ўқиб эшиттирди. Бунда суд бошланишидан олдин берилган расмий маълумотлардаги вафот этган болалар сонига кейинги айблов хулосасида вафот этганлар сони қўшилган (65+3), аммо суд жараёнида Маматқул Азизов кўрсатмасига кўра яна бир бола вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги қисм очиқ қолган.

2024 йил январь ойида сардобалик Мансуровлар оиласи ўғли Мансурбек Кемамовнинг «Док-1 Макс» сабаб ногирон бўлиб қолгани, аммо жиноят ишида ногирон болалар рўйхатига киритилмаганини айтиб, «Газета.uz»га мурожаат қилган. Қолаверса, 30 январь куни жиззахлик Илҳом Азимов қизи Муслиманинг «Док-1 Макс» сиропидан ногирон бўлиб қолгани, аммо жабрланувчилар рўйхатига кирмагани ҳақида «Дарё»га гапириб берган.

Шунингдек, Мусо Юсупов суд мажлисларидан бирида айблов эълон қилиниб, иши терговга оширилган, аммо кейинги судларда судланувчилар рўйхатида кўринмаган, Фармагентлик раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган Улуғбек Эгамов масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Қайд этилишича, Эгамовга қўйилаётган айблар гувоҳлар томонидан тасдиқланмаган.

«Жиноят ишини кўриш давомида адвокатлар томонидан илтимоснома киритилишидан олдин Эгамовни судга чақириб, сўроқ қилдик. Ҳаммамиз кўрдик: инспекцион текширувдан агентлик раҳбарининг ташаббуси билан олингани айбловдан ўтди. Агентлик раҳбарига мурожаат қилинганми, йўқми деган масала [бўлди]. Агентлик раҳбари [Кариев] суд иш кўрилаётган вақтда [Эгамовга] „Қанча пора олдинг?“ деган савол ҳам берди. Кариевнинг кўрсатмасидан ташқари [яна бир ҳолат бор эди]. [Эгамов] Давлат марказининг бошқа ўринбосарларига ҳам инспекцион текширувдан олиб ташлаш бўйича мурожаат қилгани [айтилган], корхоналар номлари ёзилган Telegram ёзишмалари ҳам тақдим этилганди. Биз адвокатлар илтимосномаси бўйича ажрим чиқариб, [терговга] юбордик. Лекин тергов жараёнида бирорта гувоҳ бу ҳолатни тасдиқламади. Судда кўраётган вақтимизда ҳам бу масалага тўхталдик. „Айнан мана шу инсоннинг таркибида заҳар мавжуд бўлган дорини Ўзбекистонга импорт қилган корхонани инспекцион текширувдан олиб ташлаш бўйича аралашуви бўлганми, бу бўйича сизларда далил борми?“ деган саволни қўйганимизда „Йўқ“ деган фикр билдирилди. Энди битта шахсга кўрсатма берилмаса, уни айблаш тўғри бўлмайди», — деди судья.

Ҳукм ўқиб эшиттирилгандан сўнг давом этган тушунтиришда Мусо Юсупов судлов ҳайъати Жиноят процессуал кодексининг 417-моддаси тартибида бир нечта шахсларга нисбатан тергов органига хабарнома жўнатиш қарорига келганини билдирди. Ўқиб эшиттирилганлар қаторида Фармагентлик директорининг ўринбосари Эгамов ҳам бор. Матбуот анжуманидаги нутқида судья Мусо Юсупов бунга яна бир бор тўхталиб ўтди.

«Мана шуларни кўриш давомида битта нарсага амин бўлдикки, айнан Telegram`да биринчи ўринбосарнинг ёзишмалари бор. Инспекцион текширувдан олиб ташлаш, инспекцион текширув баённома ўзгариши керак бўлса, раҳбар ўзгартириб, қўл қўйиб беради, деган кўрсатувлари бор эди. Биз шу ҳолатни ҳам тергов органи яна бир марта кўрсин, балки тергов жараёнида янги ҳолат аниқланар, деган фикрга келдик-да, ўша ҳолатга ҳам баҳо бериш учун мана бугунги кунда суд якуни бўйича ЖПКнинг 417-моддаси тартибида жиноят иши қўзғатиш масаласида хабарнома юбордик. Тергов органи буни текширади. Ҳаракатларида жиноят иши тасдиқланса, жиноят иши кўрилаверади. Ўша жараён тергов органидан қайтиб келганда ҳам, ҳеч ким бунга кўрсатма бергани йўқ эди. Биз кўрсатувларга амал қилмадик. Биз ҳолатдан келиб чиқиб, баҳо беришни лозим топдик», — деб таъкидлади судья Юсупов.