«Газли» ер ости газ омбори қувватини 2025 йилга қадар икки баробар ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Gazli Gas Storage қўшма корхонаси бош муҳандиси Муҳаммад Саидазимов «Ўзбекистон24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳанинг биринчи босқичида — 2020 йилдан 2025 йил охиригача — кон-қидирув ишлари ҳисобига «Газли» иншоотида газ сақлаш ҳажмини икки баробарга — 3 млрд куб метрдан 6 млрд куб метргача ошириш кўзда тутилган.

Иккинчи босқичда газ омборини якунлаш ва кенгайтириш ҳисобига сиғим 10 млрд куб метрга етказилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 850 млн АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Муҳаммад Саидазимовнинг айтишича, кучайтирувчи компрессор станцияси (6А) қурилиши аллақачон якунланган бўлиб, жорий куз-қиш мавсумида газ истеъмолининг мавсумий тебранишларини қоплаш имконини беради. Шунингдек, конда 76 та янги қудуқ қазилиб, уларнинг умумий сони 352 тага етказилди.

Телеканал маълумотларига кўра, лойиҳанинг биринчи босқичи қиймати 558 млн долларга баҳоланган бўлиб, шундан қарийб 270 млн доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. 2025 йилга бориб даромад 580 млрд сўмга, бюджетга солиқ тўловлари эса 60 млрд сўмга етиши кутилмоқда. Лойиҳанинг ишлаб чиқариш қуввати минтақада кунига 28−30 млн куб метр атрофида ташкил қилади.

«Газли» газ омбори лойиҳаси ҳақида

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 август куни Бухорода бўлиб ўтган йиғилишда ер ости омборларидаги газ захираларини камида 3,5 млрд куб метрга етказиш бўйича топшириқ берган эди.

2017 йилда Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз»га газ омбори ҳажмини уч баробардан кўпроқ — 10 млрд куб метргача ошириш бўйича таклиф тайёрлашни топширган эди. Кейинроқ лойиҳанинг умумий қиймати 1 млрд долларга баҳоланди.

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларида «Газли» газ омбори ҳажмини ошириш зарурияти тушунтирилмаган. Президент ташаббуси билан тузилган ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг нефть ва газ саноатининг ҳолати тўғрисида»ги ҳисоботда (ҳисобот нусхаси «Газета.uz»да мавжуд, ҳужжатнинг ҳақиқийлигини муаллифлардан бири тасдиқлади) айтилишича, иш бошланишидан аввал ҳам мазкур омборнинг атиги 55 фоизи газ билан тўлган. Ҳисоботда, шунингдек, мамлакатда тақчиллик ва газ қазиб олишнинг қисқариши кузатилаётгани қайд этилган.

2018 йилда Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида «Ўзбекнефтгаз» Россиянинг «Форус» компанияси (2017 йилда рўйхатдан ўтган) билан ҳамкорлик тўғрисида келишиб олди, октябрь ойида эса компаниялар Gazli Gas Storage қўшма корхонасини ташкил қилди (60 фоиз улуш «Форус»га тегишли, 40 фоизи «Ўзбекнефтгаз»га). «Газли» газ омбори Ўзбекистон газ транспорти тизимининг энг марказида — Қозоғистон, Туркманистон, Россия ва Хитойга ўтувчи қувурлар чорраҳасида жойлашган.

«„Форус“ ОАЖнинг келиб чиқиши, унинг фаолияти ва устав капиталининг миқдори (10 минг рубль ёки 155 АҚШ доллари) шубҳали, ташкил этилганидан бери молиявий фаолият юритилмаган (икки йил давомида маблағлар ҳаракати 3000 рубль ёки 46 доллар), бундай лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси йўқ… „Форус“ табиий газни қазиб олиш ва кўрсатилаётган хизматлар учун тарифларни мустақил равишда белгилаш йўли билан мамлакатлар табиий газларини сақлаш бўйича энергетик мувозанатга таъсир қилади», — дейилади ҳисоботда.

Август ойи бошида «Досье» маркази журналистлари бизнесмен Геннадий Тимченконинг бизнес шериги, «Россиядаги энг яширин миллионерлардан бири» Иван Егоров эканини аниқлашди. Суриштирувда айтилишича, шу туфайли халқаро санкциялар остида қолган Геннадий Тимченко хорижда бизнес қилишда давом этмоқда.

Журналистларнинг маълумотларига кўра, Егоров «Форус»нинг ҳамтаъсисчиларидан бири бўлиши мумкин. «Досье»нинг ёзишича, газ конини ривожлантириш лойиҳаси Gazli Gas Storage Форусдан, Форус эса Егоровдан пул оладиган схема бўйича молиялаштирилади. Тадбиркор, ўз навбатида, Тимченкога яқин тузилмалар томонидан молиялаштириладиган «Веста» компаниясидан пул олиши мумкин эди.

Март ойида «Ўзтрансгаз» «Газли» магистраль газ қувурлари бошқармаси томонидан Россиядан табиий газ импорт қилиш учун магистраль газ қувурлари инфратузилмаси тайёрланаётгани бўйича ишлар олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эди. Кўп ўтмай компания ўз хабарини рад этиб, иш Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари истеъмолчиларини газ билан таъминлаш самарадорлигини оширишга қаратилганини айтди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг «Газпром» билан ёзда тузган келишувига кўра, «Газпром Экспорт» Ўзбекистонга «ЎзГазТраде» орқали йилига 2,8 миллиард куб метр ҳажмда Россия газини етказиб беради. Ўз ҳудуди орқали газ ўтказувчи Қозоғистоннинг ҚазақГаз ширкати 1 октябрдан Ўзбекистонга газ етказиб беришни бошлайди.