15 февраль куни Тошкент шаҳри Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида 2017 йилда туғилган қизга нисбатан содир этилган жинсий жиноят бўйича ёпиқ суд бўлиб ўтди. Унда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда унинг ахборот хизмати.

Ҳукмга кўра, судланувчи эркак Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан айбли деб топилди. Унга нисбатан 16 йил озодликдан маҳрум қилиш ва жазони қаттиқ тартибдаги колонияларда ўташ белгиланди. Қонунчиликда ушбу модда бўйича айбдор деб топилганлар 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши белгиланган.

Бундай тоифадаги жиноятлар учун жавобгарликнинг янги тартибига биноан, мазкур ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг маҳкумга нисбатан жазони юмшатиш ҳеч бир чораси қўлланмайди ва у жазони тўлиқ ўтайди.

болалар омбудсмани, жинсий зўравонлик

«Болаларга нисбатан содир этилаётган бу тоифадаги жинсий жиноятларни, шу жумладан, мазкур иш материалларини ўрганиш ҳам шуни кўрсатяптики, афсуски, бундай қабиҳ жиноятларни содир этишда жиноятчиларга боланинг айни пайтдаги қаровсизлиги, бегона шахсга ишонувчанлиги ва ундан мутлақо ҳайиқмаслиги каби ҳолатлар қўл келмоқда», — дея таъкидлади болалар омбудсмани.

Унинг қайд этишича, болаларни бундай мудҳиш вазиятлардан асраш учун, энг аввало, кичик ёшдаги болаларни имкон қадар катталар қаровисиз қолдирмаслик керак.

«Шу билан бирга, болага ҳар қандай ҳолларда ҳам бегоналар билан суҳбатлашмаслик, агар шундай хавф бўлса, биринчи навбатда, ўзини қандай тутиш ва нима қилиш зарурлиги бўйича оддий қоидаларни ўргатайлик. Бундай кўникмалар болада уйда ҳам, боғча ва мактабда ҳам бирдек шакллантирилиб борилиши зарур», — дея юзланди омбудсман.