11 апрель куни «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун [ЎРҚ-829-сон] президент томонидан имзоланди. Ҳужжат 23 март куни Қонунчилик палатаси, 6 апрель куни эса Сенат томонидан маъқулланганди.

Қонун расман эълон қилинган кун — 11 апрелдан бошлаб кучга кирди.

Қонунга кўра, Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

Вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотлар билан муомала қилиш вояга етмаган шахс иштирокида қўшмачилик қилиш, фоҳишахоналар ташкил этиш жиноятлари жиноятга тайёргарлик ёки суиқасд босқичида тўхтатилганда, мазкур жиноятлар учун жазо тайинлашда енгиллик берилмайди.

Қуйидаги жиноятларни содир этганларга жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилмайди:

  • 18 ёшга тўлмаган жабрланувчи номусига тегиш ва уни жинсий алоқага мажбур этиш билан боғлиқ жиноятлар;
  • 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа ёки унга уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш;
  • вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотлар билан муомала қилиш;
  • вояга етмаган шахс иштирокида қўшмачилик қилиш, фоҳишахона ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар.

Аёлни ҳомиласини сунъий туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, жарима миқдори БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача ёки 3 йилдан 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланаши белгиланди.

Илгари БҲМнинг 50 бараваригача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари назарда тутилган.

Номусга тегиш (118-модда) ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш (119-модда) жиноятлари учун жавобгарлик 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди. Илгари 3 йилдан 7 йилгача эди.

Шунингдек, мазкур жиноятлар ногиронлиги бўлган шахсларга, собиқ хотинига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилиши, жабрланувчига қараб туриш юклатилган таълим, тарбия, даволаш ёки бошқа муассасанинг ходими томонидан содир этилиши жиноятни оғирлаштирувчи ҳолат деб топилиши назарда тутилмоқда.

18 ёшга тўлмаган шахсларни, яқин қариндош, собиқ хотин, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахс ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этганлик учун жавобгарлик белгиланди. Мазкур жиноят 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик киритилди. Унга кўра, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғорда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга шахсга нисбатан:

  • мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш;
  • мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш;
  • уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, мазкур ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима ёки 160 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Юқоридаги шахсларни дўппослаш, тан жароҳати етказиш етказилган жароҳатдан келиб чиққан ҳолда оғирлаштирувчи ҳолатларни келтириб чиқарса, хусусан, соғлиқнинг узоқ вақт (камида 21 кун, аммо 4 ойдан кўп бўлмаган даврда) ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг 10 фоизидан 33 фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш содир этилса, 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Жумладан:

  • 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик учун — 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
  • 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш — 2 йилдан 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалги қонунга кўра, 16 ёшга тўлмаган шахс билан унинг розилиги билан жинсий алоқага киришган айбланувчи жабрланувчининг ёшини билмаганлигини баҳона қилиб, жавобгарликдан озод бўлиб қолиш имкониятига эга эди. Янги қонунда бундай шахсларнинг жавобгарлигининг муқаррарлиги таъминланиб, айбланувчи жабрланувчининг ёшини билган ёки билмаганидан қатъий назар 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилади.

14, 16 ёки 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахснинг қилмиши, у жабрланувчининг ёшидан хабардор бўлган бўлмаганлигидан қатъий назар жабрланувчининг ҳақиқий ёшидан келиб чиқиб баҳоланиши ва мутаносиб оғир жазо, яъни 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик белгиланди. Мазкур жиноят оғирлаштирувчи ҳолатларда 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш ҳуқуқбузарни ижтимоий фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий равишда жалб этишдан иборат бўлиб, у судлар томонидан 8 соатдан 240 соатгача бўлган муддатга тайинланади.

Агар ҳуқуқбузар ўқиётган бўлса, жамоат ишлари ўқишдан бўш вақтда бажарилади.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари қуйидаги шахсларга нисбатан қўлланилмайди:

  • пенсия ёшига етган шахсларга;
  • 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
  • ҳомиладор аёлларга;
  • 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • доимий ишга эга шахсларга;
  • ҳарбий хизматчиларга.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаросига алимент тўлаш мажбурияти бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар маъмурий тартибда чиқариб юборилмайди.

Шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этиш 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин.

Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш (47−4-модда), ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш (47−5-модда) каби маъмурий қилмишлар қуйидаги жавобгарликлар қўлланилишига сабаб бўлади:

  • 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга;
  • 120 соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этишга;
  • маъмурий жазоларнинг мазкур турлари қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима солишга.

Шунингдек, ота-онанинг ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш бўйича мажбуриятларини бажармагани БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши мумкин.

Оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиб, мазкур ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима ёки 10 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шунингдек, хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғорда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа сабаб бўлади.

Болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки ахлоқи учун хавфли бўлган жиноятларни содир этган шахсларнинг ягона реестри тузилиб, ушбу реестрга кирган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланмоқда.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга бериладиган ҳимоя ордерининг муддати суд томонидан 1 йилгача узайтирилиши белгиланмоқда.