Тошкентда инфратузилмани ривожлантириш, велосипед ва мототранспортдан фойдаланишни оммалаштириш режа қилинмоқда. Бу 13 февраль куни президентга тақдим этилган 2024 йилга мўлжалланган асосий стратегик ислоҳотларга бағишланган тақдимотда кўрсатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, тақдимотда бешта асосий йўналишда — транспорт, урбанизация ва шаҳарсозлик, тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳасига доир ислоҳотлар кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда пойтахтда аҳоли сони 15 фоизга (385 минг киши), автомобиллар сони 29 фоизга (172 минг киши) ошган. Натижада иш кунларида ўртача 7−9 баллик тирбандлик кузатилмоқда. 2020 йилдан буён йўлга сарфланадиган вақт 50 фоизга ошиб, ёқилғи сарфи ва атрофга чиқадиган зарарли газлар миқдори ортиб бормоқда.

Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида транспорт воситаларининг алтернатив турлари — мопед, скутер, велосипед ишлаб чиқаришни ривожлантириш зарурлигини айтди. Бунинг учун алоҳида дастур қабул қилинади.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда шахсий транспортлар умумий сонининг 90 фоиздан ортиғи енгил автомобиллар ҳиссасига тўғри келади, автомототранспорт воситалари эса атиги 1,4 фоизни (50 минг дона) ташкил этади. Шу билан бирга, 2023 йилда Ўзбекистонда 9300 дона мопед ва скутер ишлаб чиқарилган (ўсиш 2,3 баробар).

Муқобил транспорт турларини ривожлантириш учун велосипедлар ва мототциклетлар учун инфратузилма яратилади. Жумладан, автомототранспорт воситалари учун хавфсиз ва қулай йўллар ҳамда йўлаклар қуриш, шунингдек, улар учун алоҳида светофорлар, ёруғлик қайтарувчи белгилар ва энерготежамкор ёритиш тизимлари ўрнатиш режалаштирилган.

Стратегия велосипед ва мототцикллардан фойдаланишни рағбатлантириш механизмларини жорий этишни ҳам назарда тутади. Банклар велошейрингни (велосипед ижараси)ни ривожлантириш учун мототранспорт харид қилинишини молиялаштиради. Вазирлик, идора ва ташкилотлар атрофида мототранспорт учун автотураргоҳлар ташкил этувчи тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади.

Шунингдек, велосипедда юрган масофанинг ҳар 1 км масофа учун солиқ имтиёзлари, 10 км дан ошган тақдирда эса қўшимча равишда субсидиялар берилиши кўзда тутилган. Мототранспорт воситаларини сотиб олиш учун субсидиялар (қийматининг 25 фоизигача, лекин ҳар бири учун БҲМ 3 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда) берилиши белгиланган.

Бундан ташқари, велосипед ва мототциклетларни ўғирланганини аниқлаш ва қайтариш учун онлайн рўйхатдан ўтказиш, тўхташ жойи ва ижарага бериш ва таъмирлаш пунктлари ҳақида маълумот берувчи портал яратиш режалаштирилган.

Мототранспорт йўлакларида тўхтаган ва тўхтаб турган автомашиналар учун жарималар қўллаш тизимини янада такомиллаштириш кўзда тутилган.

велойўлак, велосипед, мототранспорт, стратегик ислоҳотлар агентлиги

Стратегик ислоҳотлар агентлиги раҳбари Ўзбекистондаги об-ҳаво шароити бундай транспорт турларини ривожлантириш учун қулай эканини таъкидлади.

2023 йил октябрь ойида Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати қоидаларига электросамокат ва скутерлар ҳаракатини тартибга солувчи ўзгартиришларни киритмоқчи эди. 14 ёшга тўлмаганларга уларни бошқаришни тақиқлаш таклиф қилинганди. Уларда пиёдалар йўлакларида 6 км/соат, йўлларда эса 20 км/соат тезликда ҳаракатланиш таклиф қилинганди.