2024 йил 1 январдан электромотоцикллар, электроскутерлар, тиркама ва ярим тиркама транспортлари ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин. Вазирлар Маҳкамаси regulation.uz порталига Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Унга кўра, ушбу транспортларни бошқаришга фақат тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахсларга рухсат берилади.

Бундан йўлларда ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини ишончли таъминлаш ҳамда ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсад қилингани айтилади. Қарор лойиҳасида илғор хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда электросамокатларни ижрага беришни тақиқлаш, уларни содда тартибда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида рўйхатга олиш ва уларга алоҳида давлат рақам белгиларини бериш таклифи бор.

Ҳужжатга кўра, Йўл ҳаракати қоидаларига «Индивидуал ҳаракатланиш воситалари (ИҲВ)», «скутер» сўзлари қўшилмоқда. Йўл ҳаракати қоидаларига 3.5.1 (скутерларнинг ҳаракатланиши тақиқланади) ва 3.34 (шахсий ҳаракатланиш воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади) йўл белгиларини киритиш режалаштирилган.

Скутер-конструктив тезлиги соатига 25 километрдан, двигателининг иш ҳажми 25 см3дан (ички ёнув двигатели бўлганда) юқори, шунингдек, номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттдан ортиқ ва 4 киловаттдан кам бўлган электр двигателли механик транспорт воситаси ҳисобланади.

«Индивидуал ҳаракатланиш воситалари» (ИҲВ) — двигатель (двигателлар) (электросамокат, электр скейтбордлар, сегвейлар, уницикллар, моноғилдирак ва бошқа шунга ўхшаш воситалар) ёрдамида одамнинг индивидуал ҳаракатланиши учун мўлжалланган бир ёки бир нечта ғилдираклари (роликлари) бўлган транспорт воситаси.

14 ёшдан кичик шахслар (ёпиқ ҳудудларда бошқариш бундан мустасно), спиртли ичимлик ичган, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёхуд кучли таъсир қилувчи моддалар таъсирида бўлган, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бўлганлар «Индивидул ҳаракатланиш воситалари» бошқариши тақиқланади.

Шунингдек, бир нечта ИҲВларни шатакка олиш, рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш, йўловчи билан бошқариш, уни ишлатаётганда телефондан фойдаланиш мумкин эмас.

ИҲВ фара ёки фонар, тормоз, товуш ишораси, шунингдек олд томонида оқ рангли, ён томонида қизил ёки апелсин рангли, орқа томонида қизил рангли нур қайтаргичлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.

«ИҲВ» бошқарадиган шахслар ҳаракат вақтида тротуарлардан, пиёдалар йўлкаларидан, пиёда ва велосипед йўлкаларидан соатига 6 километр тезликдан юқори бўлмаган ҳолатда, улар бўлмаганда эса йўлнинг ўнг четки қисмида соатига 20 километр тезликдан юқори бўлмаган ҳолатда ҳаракатланиши мумкин. Қолаверса, йўлларнинг қатнов қисмидан ҳаракатланиши ҳам чекланмаган. ИҲВ ҳайдовчилари ўз транспортини турар жой даҳаларидан чиқиш вақтида бошқа ҳаракат иштирокчиларига йўл бериб, қатъий равишда бошқа транспорт воситаларини ҳаракат йўналиши бўйича бошқариши керак.

«Пиёданинг йўлагини тинч қўйинглар!»

Telegram`даги Davletovuz канали муаллифи таклифларга муносабат билдираркан, «шаҳарларни ёппасига эгаллаб олаётган скутерлар фаолияти аллақачон тартибга солиниши керак бўлгани», бироқ янги тартиб-таомиллар «яна пиёдалар ҳақи эвазига амалга оширилаётгани»ни қайд этди.

«Шундоқ ҳам пиёданинг йўлаги тор, унга машина парковка қилган, кундан-кун оммалашаётган «доставка»чилар чиқиб олишган, мана энди, электр самокат юриши ҳам мумкин бўлмоқда (аслида юрибди). Пиёда, айниқса, ёш боласи билан трассада юрди нима — пиёда йўлагида юрди нима — яна юрагини ҳовучлаб юришга мажбур бўляпти», — деб ёзади у.

Блогернинг фикрича, велосипедлар, скутерлар ва бошқа ИҲВлар учун инфраструктура автомобиль йўли қисмидан ажратилиши, шарт-шароит яратиб берилиши керак.

«Пиёданинг йўлагини тинч қўйинглар! Яна бир гап. Сайилгоҳ, боғлар, анҳор бўйларида эса электр скутер, электр самокат деган балони мутлақо тақиқлаш керак. Сал эътиборсиз қолсангиз, янчиб ўтиб кетади. Ишонмасангиз, юриб кўринг. У жойлар ҳаловат учун, хавфсираб юриш учун эмас», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, қарор лойиҳасига 24 октябргача regulation.gov.uz портали орқали таклиф қолдириш мумкин.