Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раиси Алишер Журакулович Ходжаев лавозимидан озод этилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Унинг ўрнига Абдурашид Абдувоҳидович Жўрабоев МТРКнинг янги раиси этиб тайинланди. У бунга қадар бош вазир котибияти раҳбари сифатида ишлаб келаётганди.

абдурашид жўрабоев, алишер ходжаев, мтрк
Фото: ЎзА.

Алишер Ходжаев 2005 йил апрелидан 2017 йил бошига қадар МТРК раҳбари бўлган. 2017 йил бошида ишдан кетган ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланган.

Бу орада МТРКни бир муддат Хуршид Мирзоҳидов бошқарган. У бу лавозимда ярим йил — 2017 йил августига қадар фаолият юритган. Сўнг Бобур Алихонов бир ойга яқин вақт давомида телевидениега раҳбарлик қилган. Бироқ 2017 йил август ойи охирида у лавозимдан олиниб, август ойларида яна Алишер Ходжаев МТРК раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Маълумот учун, Алишер Ходжаев 1963 йили Тошкент вилоятида таваллуд топган, 1985 йили Самарқанд давлат университетини тамомлаган. 1996 йилдан 1998 йилга қадар «КомУзАзия» компаниясида, 1998−2001 йилларда эса UzPAK компаниясида бош директор лавозимида меҳнат қилган.

2001−2002 йилларда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, 2002−2005 йилларда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг (ҳозирги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги) раҳбари ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, президент 2023 йил ноябрь ойида МТРКга ажратилган кредит бўйича кечиктирилган тўловлар учун ҳисобланган пеняларни ҳисобдан чиқариш, шунингдек, уни қайтаришда давлат бюджети улушини оширишга оид қарорни имзолаган. Дастлаб 22,5 млн евро қарзни тенг тақсимлаш режалаштирилган бўлса, энди 93 фоизи бюджет ҳисобидан қопланади.