Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини (МТРК) молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатда президентнинг 2016 йил 27 июндаги ПҚ-2553-сон қарорига (омма учун очиқ эмас) асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (мамлакат суверен жамғармаси) томонидан МТРКга ажратилган кредит бўйича тўловларни кечиктириш учун ҳисобланган пенялар ҳисобдан чиқарилади. Телерадиокомпанияни рақамли эшиттириш форматига ўтиш учун замонавий мултимедиа ускуналари билан жиҳозлаш мақсадида нол фоизлик 22,5 миллион евро (жорий курс бўйича 302,8 миллиард сўм) кредит ажратилганди.

Бундан ташқари, кредит муддати 10 йилдан 13 йилгача узайтирилиб, давлат бюджетининг қарзни қайтаришдаги улуши оширилади.

Дастлаб 22,5 млн евро миқдоридаги кредит МТРК ва давлат томонидан тенг улушларда — ҳар бири 11,25 млн евродан тўланиши режалаштирилганди. Аммо бу йиллар давомида корхона кредит учун умуман тўламаган ва ҳар олти ойда бюджетдан 661,76 минг доллар ажратилган. Энди бюджет маблағлари ҳажми йилнинг биринчи ярмида 1,03 млн еврогача ошади, МТРК эса 2024 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб 200 минг евро, кейин эса 100 минг доллардан тўлайди — 2030 йил охиригача жами 1,4 миллион евро. Шу тариқа, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ссуда учун давлат бюджетидан 21,1 миллион евро (қарзнинг 93,7 фоизи) ажратилади, бу режадагидан қарийб 10 миллион еврога кўпдир.

Сентябрь ойида компания Литванинг ТVС Solutions компанияси билан Жиззах вилояти телерадиокомпаниясини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 58 миллиард сўм (4,44 миллион евро)га замонавий студия мажмуаси ва кўчма телевидение стансияси билан жиҳозлаш бўйича шартнома имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил учун МТРКга давлат бюджетидан 555,94 млрд сўм маблағ ажратилиши керак — бу парламентнинг икки палатаси, қатор вазирлик ва қўмиталар бюджетидан кўп. 2022 йилда компанияга 463,6 миллиард сўм, 2021 йилда 427,1 миллиард сўм, 2020 йилда 399,5 миллиард сўм бюджет маблағлари ажратилган.

Биринчи яримйиллик якунига кўра, Ўзбекистон жамланма бюджетининг тақчиллиги 5,7 фоизни ташкил этган — харажатлар даромадлардан 26,9 трлн сўмга кўпроқ. Бу пандемия бошланган 2020 йил, шунингдек, 2021−2022 йиллардаги кўрсаткичлардан кўп. Ҳукумат бу даврда бирор марта бюджет тақчиллиги чегарасини ушлаб туролмаган.

Тўлов жадвали

давлат бюджети, миллий телерадиокомпания, мтрк

давлат бюджети, миллий телерадиокомпания, мтрк