2021 йилда туҳмат ва товламачиликда айбланиб 6,5 йилга қамалган блогер Отабек Сатторий 2024 йил апрел ойи охири ёки май ойи бошида озодликка чиқиши мумкин. Бу ҳақда у билан 13 январь куни Қаршидаги манзил колонияда учрашган «Эзгулик» жамияти аъзоси Абдураҳмон Ташанов Facebook саҳифасида маълум қилди.

«Қаршидаги манзил колонияда блогер Отабек Сатторий билан учрашув жуда яхши ўтди. Отабек аввало ўзини қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирди. Колония бошлиғининг таъкидича, апрель охири, майнинг бошларида у озодликка чиқади. Тикув цехида ишламоқда», — дея ёзган Ташанов.

Таъкидланишича, манзил колония бўлгани учун ҳамма маҳкумлар қатори белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланиб келмоқда. «Уйидагилар, қариндошлари келиб туришибди. Омбудсманчилар кунда шу ерда, озодлик учун фақат кун санаб яшамоқда. „Қамоқдаги расмим интернетга чиқишини истамайман“ деди, шу боисдан колония у билан расмимизни хизматда фойдаланиш учунгина олишди, менга беришмади» — дейди Абдураҳмон Ташанов.

«Отабекнинг таъкидича, ўзига чиқарилган суд ҳукми бўйича қайта шикоят қилиш нияти йўқ. Тинчгина ахборот технологиялари соҳасида ишламоқчи. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевни юксак салоҳиятли лидер, деб билади ва унга хизмат қилишдан ўзидан фахр туяди», — дейилади хабарда. Аксинча, Ташанов уни жазо муддати битгач, ўзини оқлашга уринишга чақирган.

Сатторий иши

2021 йил 29 январь куни Термиз шаҳри ИИБ ходимлари Отабек Сатторийни қўлга олган. Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уни мажбуран машинага ўтқазиб, олиб кетаётгани акс этган видео тарқалган. Дастлаб унга нисбатан Жиноят кодексининг 165-модданинг 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, кейинчалик ушбу модданинг 2-қисми сифатида қайта таснифланган, кейинроқ янги айбловлар қўйилган.

Адвокат бу иш уйдирма эканини таъкидлаган. Вазиятга депутат Расул Кушербаев, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси, Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раҳбари Комил Алламжонов, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (АҚШ) ва бошқалар муносабат билдирган. Бунга жавобан Ички ишлар вазирлиги жиноят иши терговига аралашганлик учун жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирган.

Суд 2021 йил 10 майда Сатторияни 6 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тартибли колонияда ўташга ҳукм қилган. Прокурор унга 11 йил қамоқ жазосини сўраган. «Газета.uz» давлат айбловчиси ва адвокатнинг Отабек Сатторийга нисбатан ишда билдирган позициялари ҳақида ҳикоя қилган.

Апелляция инстанцияси ва Олий суд ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши собиқ раҳбари Комил Алламжонов (ҳозирда Президент администрацияси ахборот сиёсати бўлими мудири) ушбу иш фонида «чўчиб қолган блогер ёки журналист анонимга айланиб кетиши мумкин», — деб пост қолдирган.

«Ўзимизнинг журналистларни қўллаш, ҳимоя қилиш ўрнига оғзини очолмайдиган даражада қўрқитиб қўйсак, уларнинг ўрнини бошқалар — ташқаридан туриб фитна чиқарадиганлар эгаллаши аниқ!» — деган у.